29 октябрь санасида «The Guardian» нашри журналисти Жонатан Лю катта шов-шувга сабаб бўлган мақолани эълон қилди. Унда «Манчестер Юнайтед» клубининг омадсизликлари ортида аслида Сэр Алекс Фергюсон яширин эканлиги ҳақида баён қилинган. «Фергюсонизмдан қутилиш» номли материал кўплаб баҳс ва мунозараларга сабаб бўлгани рост.
Жонатан қайси далилларга суяниб Сэр Алекснинг «огородига тош отди»?
Шотландиялик мутахассис 2013 йилда жамоа постини тарк этди. Орадан 8 йил ўтганига қарамай, унинг клубга таъсир доираси заррача камайгани йўқ. Лю ортда қолган йиллар давомида Сэр Алекс амалга оширган ишлар билан қисқача таништириб ўтди.
1. Ўз мақоласида у Патрис Эвранинг автобиографик китобидан парча келтиради. У Дэвид Мойес келгач, ишлар орқага кетганидан ранжиган Эвранинг маслаҳатлашиб олиш мақсадида Фергюсон билан суҳбатига эътибор қаратди. Футболчи собиқ мураббийни «босс» деб атагани етмаганидек, ундан муаммоларни ҳал этишини илтимос қилади. Бунга Алекс Фергюсон қуйидагича жавоб қайтаради:
«Унга ҳаётидаги энг катта имкониятни тақдим этдим. Мен адолат юзасидан унинг ишларига аралашмоқчи эмасман».
Лю бу орқали Алекс аллақачон «Манчестер Юнайтед»ни ўзиники қилиб олгани ва кейинги мураббийга клубни топширганига шаъма қилмоқда.
2. Оле-Гуннар Сульшер Сэр Алекснинг барча «фишка»ларини ўзлаштиришга уринар, доим тарихдаги улкан ғалабалар ҳақида у билан суҳбатлашишни хуш кўрарди. Шу боис, Сульшер биринчи имкон пайдо бўлиши билан ўз штабига Сэр Алекснинг ёрдамчиси Майк Фелланни қўшиб олди. Албатта, бу боссга нисбатан ҳурмат эвазига қабул қилинган қарор. «Ливерпуль»дан шармандали мағлубият қабул қилиб олгач, ўртага Сульшер масаласи ташланди.
Уни шотландиялик мутахассис ва Эд Вудворд кўриб чиқди. Натижада, Фергюсоннинг фикри якунда қарорга айланди. Азалий рақибдан «Олд Траффорд»да қабул қилинган йирик ҳисобдаги мағлубият ҳам норвегиялик мутахассисни постни топширишига сабаб бўла олмади.
3. Роналдунинг қайтиши ҳам айнан қаҳрамонимизнинг ташаббуси билан амалга ошди. Роналду ортга қайтаётганини маълум қилгач, «Инстаграм»даги сурат тагида пост қолдирди.
«Сэр Алекс, бу сиз учун!»
Португалиялик футболчи жамоа учун керакли очколарни ишлаб бераётганига қарамай, унинг келиши ривожланиш йўналишини бошқа томонга буриб юборгани аниқ. 36 ёшли ҳужумчи атрофида янги жамоа қуриш учун эндиликда Сульшер 3-5-2 схемасидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.
4. Ҳатто, Сульшернинг жамоа постини эгаллаши борасидаги қарор ҳам Сэр Алексдан бесўроқ амалга ошмаган. Эд Вудворд шу масала борасида фикр алмашиш мақсадида Фергюсоннинг уйига ташриф буюради. «The Times» берган маълумотларга қараганда, шотландиялик афсона Сульшерни яхши инсон эканлиги учун ҳам жамоа постини топширишни Вудвордга маслаҳат беради. Унинг ўйин услуби, ишлаш принциплари, тарғиб этаётган футболи ва ўз фалсафаси борасида гап-сўз бўлмаган.
5. Рафаэль Вараннинг трансферини ҳам бемалол 8 йил аввал истеъфога чиққан мутахассиснинг ташаббуси билан амалга оширилган, десак, ишонасизми? У билан музокараларда иштирок этиш мақсадида Сэр Алекснинг шахсан ўзи Вудворд билан Мадридга учиб боради. Ваҳоланки, улар жамоа трансферларига аралашиш ҳуқуқи йўқ шахслар саналади. Варан клуб расмий сайти учун берган илк интервьюсида Сэр Алекс билан бўлган суҳбатдан қай даражада таъсирланганини айтганди. Ваҳоланки, унинг трансфери худди Роналду сингари унинг режаларида йўқ эди.
6. Бу ҳам етмаганидек, жамоа ўйин услубининг ўзгармай келаётганига асосий сабабчилардан бири ҳам жаноб Фегюсон бўлади. Унинг талабига биноан, барча янги келган мураббийлар ҳужумда вингерлар билан ҳаракат қилиши шарт. Уларга камида 2 йил имкон берилиши, ҳар қандай мағлубият учун футболчилар жавоб бериши керак. Шу ва бошқа майда деталлар сабабли «Юнайтед» замонга мослаша олмаяпти. Натижада, шахсий фалсафага эга бўлиб бораётган бошқа грандлар билан ўртадаги фарқ тобора катталашмоқда.
Нима учун МЮ »Фергюсонизм»дан қутулиши керак?
Сабаби жуда оддий. Футбол йилдан йилга ривожланиб, янгича кўриниш олмоқда. «Қизил иблислар» эса, деярли 10 йилдан бери «офсайд»даги мутахассис фикри билан иш кўрмоқда.
Бугунги жамоанинг деярли барча қарорларида шотландиялик мутахассиснинг фикри биринчи планга кўтарилади. Катта трансферлар, янги мураббийлар, истеъфолар, ички низолар ва бошқа барча-барча баҳсли вазиятларда Эд Вудворд биринчи навбатда Сэр Алекс Фергюсонга қўнғироқ қилади. Бу аллақачон нормал ҳолатга айланган.
Аслида, тахминан бир йил аввал Сульшер жамоаси прогрессдан тўхтаган. Тўғри, вақти-вақти билан чиройли ўйин намойиш этади, аммо натижалардаги стабиллик йўқолган. Боз устига, Англиянинг бошқа гранд клублари билан солиштирсак, «қизил иблислар» қандай катта фарқ билан ортда қолаётгани яққол кўзга ташланади. Ачинарлиси шундаки, «Ливерпуль»дан қабул қилиб олинган аламли мағлубиятдан сўнг янги мураббий қўл остида қайта жамоа қуриш ҳақида ўйлаш ўрнига, муаммони қандай ечиш борасидаги саволлар билан Эд Вудворд Сэр Алексга мурожаат этди.
«Босс» «Манчестер Юнайтед» тарихидаги барча замонлардаги энг кучли мураббий — чинакам афсона. У клуб тарихи ва бугуни учун чорак аср меҳнат қилган. Афсуски, унинг футболга назари худди ўзи сингари қариб бормоқда. Атрофдагилар эса, буни буюк мутахассис фонида сезмаяпти.