11.10.2020

Зинедин Зидан «Манчестер Юнайтед» хавбеки Поль Погбанинг Мадрид клубига ўтиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Ҳа, мен Погбанинг яхши футболчи эканлиги ҳақида гапирганман, аммо бошқа ўйинчилар ҳақида ҳам шундай дейишим мумкин. Поль «Манчестер Юнайтед»да тўп сурмоқда, келажакда нима бўлишини эса ҳеч ким билмайди. Жамоага қайси футболчи келишини, ким эса клубдан кетишини мавсум якунида кўрамиз», - дейди франциялик мутахассис Goal’га.

Маълумот учун, 27 ёшли «МЮ» яримҳимоячиси жорий мавсумда 4 ўйинда майдонга тушиб, битта голга муаллифлик қилган. Погбанинг манчестерликлар билан амалдаги шартномаси 2021 йилгача имзоланган.

Муҳокама

11.10.2020

Маркус Рэшфорд пандемия вақтида болаларга ёрдам бергани учун Британия империяси ордени (MBE) билан тақдирланди, деб хабар беради Sky Sports.

Орден олувчилар рўйхати 2020 йил июнь ойида, қироличанинг туғилган куни арафасида эълон қилиниши керак эди. Аммо коронавирус даврида юзага келган инқироздан чиқишда муҳим роль ўйнаган шахсларни номзодликка қўшиш учун рўйхат эълон қилиниши қолдирилганди.

Эслатиб ўтамиз, 22 ёшли инглиз футболчиси Буюк Британия ҳукуматини мактабда бепул овқатланиш сиёсатини тўхтатмаслик ва муҳтож болаларни овқат билан таъминлашга ишонтирди. Шунингдек, Рэшфорд 3 млн муҳтож британияликлар учун мустақил равишда пул йиғди. Ҳужумчининг норозилиги ва ташаббуси билан ҳукумат муҳтожларга ёрдам беришни ёз охиригача давом эттирди ва дастурни кенгайтириш учун қўшимча 120 млн фунт стерлинг ажратди.

Муҳокама

10.10.2020

УЕФА расмий сайтида «Манчестер Юнайтед»нинг Чемпионлар Лигаси учун қайдномасини эълон қилди. 

«Қизил иблислар» рўйхатга 25 футболчини киритишган. Дарвозабон Серхио Ромеро, ҳимоячилар Фил Жонс ва Маркос Рохо қайдномадан ўрин олмаган.

Дарвозабонлар – Де Хеа, Грант, Ҳендерсон; 

Ҳимоячилар – Линделёф, Байи, Магуайр, Шоу, Фосу-Менса, Теллес, Ван-Биссака, Туанзебе; 

Яримҳимоячилар – Погба, Мата, Лингард, Фред, Фернандеш, Жеймс, Пеллистри, Матич, ван де Бек, Мактоминай; 

Ҳужумчилар – Кавани, Марсьяль, Рэшфорд, Игало. 

Шунингдек, клуб Брендон Уильямс ва Мэйсон Гринвуд каби академия ёшларидан ҳам фойдалана олади.

Муҳокама

08.10.2020

Оле-Гуннар Сульшернинг ёзги трансфер ойнасидаги асосий мақсади бўлган футболчилардан ҳеч кимни сотиб ололмади, дея ёзмоқда ESPN нашри.

Манбанинг хабар беришича, норвегиялик мураббий «Юнайтед»га «Боруссия» яримҳимоячиси Жейдон Санчо, «Борнмут» ҳимоячиси Натан Аке (кейинчалик «Ман Сити»га ўтди), «РБ Лейпциг» ҳимоячиси Дайо Упамекано ва «Астон Вилла» яримҳимоячиси Жек Грилишни таклиф қилишни истаган. Бироқ клуб ижрочи директори Эд Вудворд мураббийнинг асосий трансфер мақсади бўлган 4 футболчидан бирортасини ҳам таклиф қила олмаган.

Сульшер қишки трансфер ойнасида «Ред Булл»дан Эрлинг Ҳоландни ҳам таклиф этмоқчи бўлган, аммо ҳужумчи «Боруссия»га ўтган. 

Қайд этилишича, «МЮ» трансфер ойнасида ўз сафига қўшиб олган футболчилардан бирортаси мураббийнинг асосий трансфер нишони бўлмаган. Шунга қарамай, клуб раҳбарияти янги ўйинчилар номзодини Сульшер билан маслаҳатлашгач, трансферни амалга оширган.

Маълумот учун, Манчестер клуби ёзги трансфер ойнасида ўз сафига Донни ван де Бек («Аякс»), Эдинсон Кавани (эркин агент), Алекс Теллес («Порту») ҳамда ёшлар жамоаси учун 18 ёшли хавбек Факундо Пельистри ва вингер Амадо Траорени ўз сафига қўшиб олди.

Муҳокама

07.10.2020

Эдинсон Кавани «қизил иблислар» билан шартнома имзолашдан аввал фаолиятини якунлаш ҳақида ўйлаганини тан олди.

«Оиламнинг соғлиғи мен учун биринчи ўринда эди. Яширмайман, футболни тўлиқ йиғиштириб қўйиш ҳақида ўйлагандим. Менда бундай имконият чинданам бор эди. Футболчилик фаолиятимни якунлаб, қишлоқда қолиб, ўзимни ўша ердаги ҳаётга бағишлашим мумкин эди. Оила аъзоларимиз ва рафиқам билан коронавирусни бошдан кечирдик. Тўғрисини айтиш керак, шаҳарга қайтиб бу касалликнинг яна қайталанишидан хавотирлангандик. Бахтимизга барчамиз касалликдан соғ-саломат қутилдик ва ҳозирга келиб ҳаммаси яхши. 

Трансфер ойнаси давомида клублардан таклифлар туша бошлагач, янги жамоа топиш ҳақида ўйлай бошладим. Ўйлашимча, ҳаётдаги барча ишлар сен истаган пайтда эмас, қачон амалга ошиши лозим бўлган вақтда содир бўлади. Бунгача қаерда ўйнашим аниқ бўлмай, ҳаммаси сўроқ остида қолганида ташвишланган кунларимиз ҳам бўлди. Энди эса ҳаммаси ортда қолди. Мен «Манчестер Юнайтед»даман ва бу қарордан ҳаммамиз хурсандмиз», - дейди Кавани Goal.com билан суҳбатда.

Маълумот учун, уругвайлик 33 ёшли ҳужумчи «МЮ» билан бир йиллик шартнома имзолади. Аввалроқ, Эдинсоннинг «Юнайтед»даги йиллик маоши 10 миллион еврони ташкил этиши ҳақида хабар қилинганди.

Эдинсон Кавани «МЮ»да 7-рақамни танлади. Бунгача ушбу рақам жамоани тарк этган Алексис Санчесга тегишли эди.

Муҳокама

07.10.2020

«Юнайтед» Жейдон Санчони сотиб олмаганининг асосий сабаби келишув баҳосининг жуда юқори эканлиги билан боғлиқ, дея ёзади The Guardian.

Манбанинг ёзишича, Санчонинг трансфер келишуви умумий харажати - трансфер нархи, футболчининг агентига комиссион тўлов, кўтарма бонус ва Жейдоннинг маоши билан жами 250 миллион еврони ташкил қилиши сабабли «МЮ» раҳбарияти коронавирус пандемияси даврида катта миқдордаги маблағни сарфлаш мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблаган. Натижада англиялик футболчи ҳар қанча истамасин, трансфер амалга ошмаган. 

Аввалроқ, «МЮ» англиялик футболчи учун 100 миллион евро (90+10) таклиф қилгани, Дортмунд клуби эса нарх 120 миллион евродан туширилмаслиги ҳақида билдиргани хабар қилинганди.

Маълумот учун, 20 ёшли Санчонинг «Боруссия» клуби билан амалдаги шартномаси 2023 йилга қадар имзоланган.

Муҳокама

07.10.2020

Эдинсон Кавани манчестерликлар сафида 7-рақамли футболкани олганидан хурсанд эканини айтиб ўтди.

«Манчестер Юнайтед»дек клубда 7-рақам остида тўп суришдан фахрланаман. Бу катта масъулият ва жавобгарлик эканлигини ҳис қилган ҳолда барчанинг ишончини оқлаш учун ҳамма нарсани қилишга тайёрман. «МЮ»да ўзимни кўрсатишга улгуришим керак. Жамоа билан икки йиллик шартномам бор ва бу орада бор имкониятимни ишга солишга тайёрман», - дейди 33 ёшли уругвайлик ҳужумчи ESPN’га.

Эслатиб ўтамиз, Манчестер клубида 7-рақам сўнгги марта чилилик яримҳимоячи Алексис Санчесга тегишли эди. Бунгача клубда ушбу рақам остида Жорж Бест, Брайан Робсон, Эрик Кантона, Дэвид Бекҳэм ва Криштиану Роналду сингари афсонавий футболчилар тўп сурган.

Муҳокама

06.10.2020

«Манчестер Юнайтед» раҳбарлари жамоа бош мураббийи Оле-Гуннар Сульшернинг фаолиятидан қониқиш ҳосил қилмаяпти.

«The Mirror» нашри тарқатган хабарга кўра, манкунияликлар норвегиялик мутахассис ўрнига аллақачон номзод топиб улгурган. Янги бош мураббий сифатида Маурисио Почеттино варианти илгари сурилмоқда. Аргентиналик мураббий айни пайтда ишсиз ва манфаатли таклиф чиқса, қабул қилиши мантиқан тўғри.

«Қизил иблислар» Сульшер қўл остида 93 ўйинда майдонга тушиб, 51 ўйинда зафар қучган, 20 та баҳсда муроса кўчаси танланган бўлса, 22 бор мағлубиятга учраган.

Муҳокама

06.10.2020

«МЮ» уругвайлик Эдинсон Каванини ўз сафига қўшиб олганини эълон қилди. Бу ҳақда клуб расмий сайтида хабар берилди.

Кавани билан кейинчалик узайтириш мумкин бўлган ҳолда бир йиллик шартнома имзоланган. «Эл Матадор келди», деб ёзган Манчестер клуби расмий твиттери.

Кавани 2007 йилдан буён Европада ҳаракат қилиб келади ва бу вақт давомида у Италия ва Франция чемпионатларида 341 та гол урган. Бундан ташқари ЕЧЛ ўйинларида рақиблар дарвозасини 35 марта ишғол қилган. «ПСЖ» сафида 200 та гол урган Кавани Париж клуби тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади.

Уругвай миллий жамоаси билан 2011 йил Копа Америкада ғолиб бўлган Кавани миллий жамоа сафида 116 ўйинда майдонга тушиб, 50 та гол урган.

Муҳокама

05.10.2020

Оле-Гуннар Сульшер АПЛнинг 4-туридан ўрин олган «Тоттенҳэм»га (1:6) қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Бу – «Манчестер Юнайтед» мураббийи сифатида фаолиятимдаги энг ёмон кун. Ушбу клубнинг барча футболчилари учун ҳам шундай. Аммо «МЮ» тарихидаги энг ёмон кун эмас. Аввал ҳам бундай кунлар бўлган. 

Ҳозир ҳамма нарсани тушунтириш жуда қийин. Уйда яхши жамоадан 1:6 ҳисобида мағлуб бўлдик. Аммо бу муваффақиятсизликка ўзимиз айбдормиз. 

Қизил карточка жуда жиддий таъсир кўрсатди. Антони Марсьяль Эрик Ламеланинг зарбасидан сўнг ётиб олмагани яхши. Жавоб қайтармаслик керак эди, лекин Антони қайтарди.

Марсьяль уни енгил урди, аммо Ламела операцияга муҳтождек ётиб олди. Агар у менинг ўғлим бўлса, нима дейишни ўзим билардим. Агар Антони йиқилганда, аксинча, Ламела четлатиларди.

Йигитлар ғалаба қозонишни хоҳлашди, ҳаракат қилишди. Аммо ҳамма ҳам хато қилади. Бугун бир ўйин учун ҳаддан ортиқ хато қилдик, бу эса натижада акс этди.

Ҳамма нарсани тушунишимиз керак. Ўйинчиларимиз анча яхши ишлай олишади. Биргаликда жанг қилишимиз керак. Бугун тугда трансфер ойнаси ёпилади. Нима бўлишини кўрамиз», – дея Сульшернинг сўзларини келтиради ВВС.

Муҳокама