27.09.2020

 Оле-Гуннар Сульшер АПЛнинг 3-туридан ўрин олган «Брайтон»га (3:2) қарши баҳсдан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Эслатиб ўтамиз, манкунианликлар ғалаба голини финал ҳуштагидан сўнг белгиланган пенальтидан уришди.

«Омадимиз келди. Балки 1 очкони қўлга киритардик, ундан кўпини эмас. Аммо характер намойиш этдик.

Ўтган мавсумда жуда кўп дуранг ўйнадик, шунинг учун бу ғалаба – биз учун катта плюс. Дарвозани ўлчаш учун Моуриньо бу ерда бўлмаганлиги жуда яхши  («Брайтон» футболчиларининг 5та зарбаси дарвоза устуни ёки тўсинига тегди).

«Брайтон»га қарши ўйнаш осон эмас. Бизга тетиклик етишмади, аммо тез орада ўз ҳолатимизга қайтамиз. Олдинда жуда кўп иш бор», – дея норвегиялик мутахассиснинг сўзларини келтиради BBC Sport.

Муҳокама

26.09.2020

Англия Премьер-лигаси 3-тури доирасида «Брайтон» ўз майдонида «Манчестер Юнайтед»га қарши майдонга тушди. Учрашувнинг сўнгги сониялари триллерга айланди.

Учрашувнинг 40-дақиқасида Фернандешнинг қўполлиги учун бош ҳакам манчестерликлар дарвозаси томон 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Мопе эса ажойиб зарбаси билан Де Хеа дарвозасини ишғол этди.

43-дақиқада жарима зарбасидан етказилган тўпни Магуайр рақиб дарвозасига киритиб, мувозанатни тиклаган бўлса, 55-дақиқада Брунонинг узатмасидан кейин Рэшфорд рақиб жарима майдони ичида уч ҳимоячини доғда қолдириб, жамоасига ғалаба келтирувчи голни киритгандек эди, гўё.

Аммо ҳакам қўшиб берган 4-дақиқанинг сўнгги сонияларида Марч ҳисобни тенглаштирди – 2:2.

Аммо қўшиб берилган 5 дақиқа якунланиб, 90+7-дақиқада «МЮ» бурчакдан тўпни киритгандан кейин бош ҳакам ўйин якунланганлигини билдирувчи ҳуштагини чалди. 

Аммо VAR тизими бурчак зарбасидан кейин Магуйр тўпни бош билан йўллаган вазиятда тўп қўлга текканлигини аниқлади. Натижада бош ҳакам ўйинни давом эттирди - 90+9-дақиқадаги 11 метрлик нуқтани Фернандеш голга айлантирди – 2:3

Ушбу ғалаба Сульшер жамоасининг чемпионатдаги дастлабки 3 очкоси бўлди.

АПЛ. 3-тур. 26 сентябрь 
Брайтон – Манчестер Юнайтед 2:3
Голлар: 1:0 – 40, пенальти Мопе, 1:1 – 43, Магуайр, 1:2 – 55 Рэшфорд, 2:2 – Марч 90+5, Фернандеш 90+9 пенальти.

Брайтон – Райан, Уэбстер, Данк, Уайт, Лэмпти, Лаллана (Гросс, 75), Марч, Альсате, Троссард, Мопе, Коннолли (Джаханбахш, 75).

Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Уан-Биссака, Шоу, Линделеф, Магуайр, Погба (Фред, 65), Бруну Фернандеш, Матич, Марсьяль (ван де Бек, 90), Гринвуд (Байи, 83), Рэшфорд.

Муҳокама

26.09.2020

«Манчестер Юнайтед» АПЛнинг бошқа грандлари каби катта зарар кўриш арафасида. Агар бу мавсум ҳам стадионларга мухлислар ташриф буюрмаса, МЮ миллионларни бой беради.

«The Telegraph» нашрининг хабар беришича, бўм-бўш трибуналар оқибатида манкунияликлар 150 млн евро атрофида маблағ йўқотади. Бу Премьер-лиганинг бошқа исталган клубидан каттароқ йўқотиш бўлади. Маълумот учун, «Арсенал» да бу зарар 133 млн евро бўлиши кутилмоқда.

Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсоннинг маълум қилишича, октябрь ойидан томошабинлар стадионларга киритилиши режалаштирилган эди. Бироқ иккинчи тўлқин туфайли трибуналар ҳозирча бўш қолдирилади.

Муҳокама

25.09.2020

Оле-Гуннар Сульшер футболчилар билан муносабати ҳақида гапирди.

«Футболчилар яхши ўйнаб, ғалаба қозонса бахтли кўринишади. Аммо уларни бахтли қилиш мени вазифамга кирмайди. Мени ишим – натижа келтира оладиган таркибни майдонга тушириш. 

Футболчиларнинг қандай спорт формасида бўлиши ҳам уларнинг ўзига боғлиқ. Ўйинчи кўпроқ ишлаб, асосий таркибга тушишга тайёр бўлиши керак. 

Ван де Бек? Яхши футболчилар тезда мослашиб кетишади. Скотт, Неманья ва Фред ҳам яхши ўйинчилар, улар орасида яхши рақобат бор. Улар орқали яримҳимояда турли услубларни синаб кўришим мумкин. Албатта, «Кристал Пэлас»га қарши ўйиндан қониқмаган эдим. Биз талаб қилинган даражадаги тажовузкорликни кўрсатишга тайёр эмасдик. 

Ҳа, мавсум рестартидан кейин июнь ойида биз ўйин жиҳатдан катта ўсишга эришдик деб ўйлагандим. Ҳозир ҳам савия жиҳатдан устунлигимизни кўрсатишимизга ишонаман», - дейди «МЮ» устози.

Маълумот учун, «Манчестер Юнайтед» АПЛ 3-тури доирасида сафарда «Брайтон»га қарши ўйнади. Учрашув 26 сентябрь, шанба куни соат 16:30да бошланади.

Муҳокама

25.09.2020

 Донни ван де Бек мақсадлари ҳақида гапирди.

«Ҳар доим ўзимга ишонаман ва бундан ҳам яхшироқ ўйнай олишимга аминман. Бунга эришиш учун астойдил ҳаракат қиламан.

«Аякс»дан «Манчестер Юнайтед»га ўтиш – яхши қадам. Энди мен янада кўпроқ нарсани хоҳлайман.

Жамоага совринлар ютишда ёрдам бермоқчиман. Биз барча турнирларда ғолиблик учун курашамиз», – дея нидерландиялик футболчининг сўзларини келтиради клуб расмий сайти.

Маълумот учун, «МЮ» 23 ёшли ўйинчини 40 млн евро эвазига «Аякс»дан сотиб олди.

Муҳокама

24.09.2020

Оле-Гуннар Сульшер Англия Лига Кубоги 1/16 финалидан ўрин олган «Лутон»га (3:0) қарши ўйиндан кейин ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Кейинги босқичга ўтдик –бу муҳим. Бунинг бир нечта ижобий томонлари бор. Дарвозабон Дин Ҳендерсон ўз вазифасини бажарди, яхши ўйнади. Баҳс охирида чиройли голлар урдик.

Ҳендерсоннинг сейви? Ҳа, дарвозабонларимиз зарур вазиятларда қутқаришлари керак. Давид Де Хеа бизни йиллар давомида қутқарди, Ҳендерсон эса бугун.

Кундан-кунга, ўйиндан-ўйинга ҳаракат қиляпмиз. Бруну Фернандеш, Маркус Рэшфорд ва Мэйсон Гринвудга кўпроқ ўйин вақтини беришни хоҳламадим, чунки олдинда қийин ўйинлар бор. 

Лингард? Менинмча, у ёрқин ўйнади. Унда гол уриш учун имкониятлар бўлди.

Трансферлар? Боримизча ишлаяпмиз. Агар бирор янгилик бўлса, албатта, хабар берамиз», – дея Сульшернинг сўзларини келтиради ВВС.

Муҳокама

22.09.2020

Гари Невилл манчестерликлар клуби раҳбариятининг трансфер ойнасидаги ишларини танқид қилди.

«Клубдаги сўнгги 8 йил ичида қабул қилинган шошилинч қарорлар сабабли клуб ўзига бўлган ишончни йўқотиб қўйгандек. Шу боис раҳбарият «биз ортиқча тўлай олмаймиз» дея, бошқача йўл тутмоқда.

«Ливерпуль» 40 миллион, 25 миллион фунтга футболчиларни сотиб олди, Вернер «Челси»га нисбатан арзон тушди. «МЮ» эса кўпроқ тўлаб қўймаслик ҳақида ўйлаш билан банд.

Муаммо шундаки, улар келишувларни амалга ошира олишмаяпти. Клуб раҳбариятининг кўзланган трансферларни мавсум бошланишигача ҳал қилмаганини оқлаб бўлмайди. «МЮ» мавсум олдидан 4-5 нафар янги ўйинчи олиши керак эди, аммо улар фақат битта трансфер – ван де Бекни таклиф эта олишди, холос. Таққослаш учун, «Ливерпуль» ўзи истаган трансферларни ўтган ҳафтада амалга оширган бўлса-да, барчасини ўз назорати остида ушлаб тура олди.

«МЮ» асосий трансфер мақсади бўлган Санчо учун 90-100 миллион сарфлашга тайёр бўлса, демак жамоада маблағ етарли. Аммо клубда бу ишларга тайинлаган структура йўқдек. Раҳбарият трансфер қарорларини қандай қабул қилиши мен учун тушунарсиз. Трансфер бозори пайтида аниқ режа асосида ишлай олмаётгани жиддий муаммо. Бу сўзлар аксарият одамларга ёқмаслиги мумкин, аммо улар ўз вазифаларини яхши бажара олмаётганликларини эшитишлари керак», - дейди Гари Невилл.

Муҳокама

22.09.2020

«Манчестер Юнайтед» ярим ҳимоячиси Жесси Лингардни Россияда кутишяпти.

ESPN нашри тарқатган хабарга қараганда, «Зенит» 27 ёшли англиялик футболчини жорий ёзги трансферлар ойнаси ёпилгунча ўз сафига қўшиб олмоқчи. Лингарднинг ўзи ҳам мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш учун жамоасини ўзгартиришга тайёр. Унга «Тоттенхэм»дан ҳам қизиқишлар бор.

Жесси Лингард «Манчестер Юнайтед» тарбияланувчиси ҳисобланади. У ўтган давр мобайнида «қизил иблислар» сафида 207 та ўйинда майдонга тушди ва 33 та гол ҳамда 20 та голли узатмага муаллифлик қилди. Унинг манкунианликлар билан амалдаги шартномаси 2021 йилга қадар имзоланган.

Муҳокама

22.09.2020

«Манчестер Юнайтед» Англия премьер-лигасининг дастлабки учрашувида ўз майдонида учта гол ўтказиб юборганидан сўнг, жамоа бош мураббийи Сульшер ҳимоя чизиғини мустаҳкамлашга қарор қилди.

Ана шу мақсадда манчестерликлар «Лейпциг» ҳимоячиси Дайот Упамеканога кўз тика бошлади. Айни пайтда манчестерликлар сафида еттита марказий ҳимоячи бор. Упамеканони олиш учун клуб ўз ихтиёридаги ҳимоячилардан бир нечтасини сотиб юборишни режалаштирмоқда.

21 ёшли франциялик футболчи яқинда амалдаги шартномасини 2023 йилгача узайтирди. Янги битимга кўра, унинг бадал пули миқдори 2021 йилнинг ёзигача 42 миллион еврога тенг бўлади.

Муҳокама

21.09.2020

«Манчестер Юнайтед» клуби Англия Премьер-лигиси 2-тури доирасида «Кристал Пэлас»дан (1:3) учралаган мағлубиятга қарамай, трансфер режаларини ўзгартирмайди.

The Athletic’нинг хабар беришича, клуб мавсум бошланганидан аввал ҳам марказий ҳимоячи сотиб олишни режалаштирмаган ва ҳозир ҳам ҳимоячини таклиф этиш борасида иш бошламоқчи эмас. 

Қайд этилишича, «МЮ» ҳали-ҳамон энг асосий трансфер мақсад сифатида Жейдон Санчони «Боруссия»дан таклиф этишни кўрмоқда. 

Маълумот учун, клуб АПЛ доираси мавсумдаги дастлабки мағлубиятга учрагач, инглиз ОАВлари Ҳарри Магуайр ва Виктор Линделёфни танқид қилиб чиққан ва клуб ҳимоячи излаши ҳақида хабар қилинган эди.

Муҳокама