30.03.2019

«Реал» «Манчестер Юнайтед» яримҳимоячиси Поль Погбага асосий трансфер мақсадларидан бири сифатида қарамоқда.

The Sun маълумотига кўра, Мадрид клуби 26 ёшли хавбек учун 125 млн фунт қийматидаги таклиф тайёрламоқда. Аввалроқ «қаймоқранглилар» бош мураббийи Зинедин Зидан ўз ҳамюртини жамоасида кўришни истаётгани хабар қилинганди.

Погбанинг «қизил иблислар» билан битими 2021 йил 30 июнгача мўлжалланган. У ушбу клубда 2016 йилдан буён ўйнаб келади, жамоа таркибида бир марта Европа Лигасида ғолиб чиқди.

Поль бу мавсум «МЮ»нинг 37та ўйинида қатнашиб, 14+10 маҳсулдорлик кўрсаткичига эришган.

Муҳокама

29.03.2019

«Юнайтед» ёзги трансферлар ойнаси учун иккита энг асосий мақсадни белгилаб олди. Бу ҳақда The Independent хабар тарқатган.

Нашрга кўра, манкунианликлар «Реал» ҳимоячиси Рафаэль Варан ва «Боруссия Д» яримҳимоячиси Жейдон Санчони қўлга киритишмоқчи. Клуб раҳбарияти уларнинг иккиси ҳам 100 млн евродан кам турмаслигини англагани ҳолда бунга етарлича тадорик кўришган. Боз устига, «МЮ», зарурат туғилса, ўз трансфер рекордини янгилашга ҳам тайёр.

Таъкидланишича, Мадриддан Варанни олиб келишнинг имкони бўлмаган тақдирда, «қизил иблислар» унинг ўрнига икки муқобил вариантни кўз остиларига олишган, булар – «Интер»дан Милан Шкриньяр ва «Барселона»дан Самюэль Умтити номзодларидир.

Қўшимча қилинишича, манкунианликлар қизиқиш доирасида «Кристал Пэлас ҳимоячиси Аарон Ван-Биссака ва «Челси» ҳужумчиси Каллум Ҳадсон-Одои ҳам бор.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 март куни «Юнайтед» бош мураббий Оле-Гуннар Сульшер билан уч йиллик битим тузганди. Кейинроқ норвег мутахассиси бу лавозимнинг собиқ эгаси Жозе Моуриньодан икки баробар кам маош олиши маълум қилинди.

Муҳокама

28.03.2019

Англия Премьер-лигаси вакиллари футбол ўйинларини бошқа давлатларда кўрсатиш ҳуқуқини сотганликларини маълум қилишди. 

The Telegraph нашрининг хабарига кўра, ўйинларни ҳорижда намойиш қилиш ҳуқуқини сотиб олган корхонанинг улуши 25 фоизга ошган. Бу қиймат 4 миллиард фунт стерлингни ташкил қилади. 

Маълум бўлишича, "Манчестер Юнайтед", "Манчестер Сити", "Ливерпуль", "Тоттенхэм", "Челси" ва "Арсенал" жамоалари телетрансляциядан тушадиган пулларнинг механизмини қайта кўриб чиқишган. Энди улар мусобақа жадвалидаги ўринларига қараб белгилаб боришади. Авваллари фойда ҳаммага бир хил тақсимланар эди. 

Энди бўлса, ТОП-6 даги жамоалар бошқаларга қараганда 75 миллион фунт кўпроқ фойда олишади. Чемпион бўлган клубга яна қўшимча 24 миллион фунт беришади.

Муҳокама

28.03.2019

«Барселона» Маркус Рэшфордни қўлга киритиш учун «Манчестер Юнайтед»га ўз ҳужумчилари Малком ёки Филипе Коутиньони таклиф этиши мумкин, деб хабар беради Mundo Deportivo.

Хабарда айтилишича, «МЮ» ёш ҳужумчисини қўйиб юборишга рози бўлмаслиги тайин, аммо эвазига «Барса»нинг юқорида келтирилган икки футболчисидан бири таклиф этилган тақдирда манкунианликлар фикрини ўзгартириши эҳтимол. «Юнайтед»ни айниқса Коутиньо бефарқ қолдирмаслиги аниқ. У «Ливерпуль»даги фаолияти давомида АПЛдаги энг яхши футболчилардан бири бўлганди.

Тахмин қилинишича, агар Рэшфорд Каталонияга, Коутиньо эса Манчестерга йўл олса, у ҳолда «қизил иблислар» «Барса»га қўшимча пул тўлашига тўғри келади. Чунки 26 ёшли бразилияликнинг трансфер қиймати 21 ёшли англияликдан юқорироқ экани айтилмоқда.

Шунингдек, Goal нашри тарқатган хабарга кўра, «Барселона» аввалроқ «МЮ»нинг қизиқиш доирасида экани маълум қилинган ҳимоячи Самюэль Умтити билан хайрлашишга тайёр. Клуб уни 70-90 млн евро атрофида сотиб юборишга қарши эмас, боиси ҳозир Испания чемпионига «Аякс»дан ҳимоячи Маттейс де Лигтни сотиб олиш учун пул керак. Қолаверса, де Лигтга таркибдан жой ажратиш ҳам лозим бўлади.

Қўшимча қилинишича, «кўк-анорранглилар» Умтити ўтган йили кузда жароҳат олганида операцияни рад этганидан норози бўлишган. 25 ёшли ҳимоячи икки ойдан ортиқроқ вақтни консерватив йўл билан даволанишга сарфлаганди. Унга «Манчестер Юнайтед»дан ташқари «Арсенал» ҳам қизиқиш билдирмоқда

Муҳокама

28.03.2019

Оле-Гуннар Сульшер «Манчестер Юнайтед»нинг доимий асосдаги бош мураббий этиб тайинланди. Клуб расмий сайтида маълум қилинишича, норвегиялик мутахассис билан 3 йиллик шартнома имзоланган.

«Келганимнинг биринчи кунидаёқ мен учун алоҳида аҳамиятга эга клубда, ўз уйимда эканимни ҳис қилгандим. «Манчестер Юнайтед» футболчиси бўлиш ва кейин шу клубда мураббийлик фаолиятимни бошлаш мен учун шараф эди. Охирги бир неча ой давомида қиёси йўқ кечинмаларни бошдан ўтказдим. Барча мураббийлар, футболчилар ва ходимларга ҳозиргача қилган меҳнатларимиз учун ташаккур айтмоқчиман.

Мен бу вазифада ишлашни доим орзу қилганман. Клубни узоқ муддат бошқариш имкониятга эга бўлаётганимдан беҳад мамнунман. Умид қиламанки, муваффақиятларимиз давомли бўлади, чунки мухлисларимиз шунга муносиб», – дея айтиб ўтган Сульшер.

Клуб ижрочи директори Эд Вудворднинг сўзларига кўра, ушбу қарорга келишда мураббий қайд этган натижалар муҳим аҳамият касб этган. «Кўрсатилган ўйин ва қайд этилган натижалардан ташқари, Оле клубда ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида бой тажрибага эга. Унда ёш футболчиларга имконият бериш истаги бор, шунинг баробарида клуб анъаналарини жуда яхши билади. Буларнинг барчаси у «Манчестер Юнайтед»ни олға бошлай олувчи инсон, тўғри танлов эканини кўрсатади», – деган у.

46 ёшли Сульшер «қизил иблислар»ни 2018 йил декабрь ойида Жозе Моуриньонинг истеъфосидан сўнг қабул қилиб олганди. Унинг қўл остида жамоа ҳозиргача 19та ўйинда майдонга тушишди ва уларнинг 14тасида ғалаба қозониб, 2та дуранг ва 3та мағлубият қайд этишди.

Маълумот учун, Оле-Гуннар 1996-2007 йилларда «МЮ»нинг ҳужум чизиғида тўп тепган, 235та ўйинда 91та гол муаллифи бўлган. У мураббийлик фаолиятини 2008 йилда «Юнайтед»нинг ўринбосарлар жамоасини шуғуллантиришдан бошлаган. 2011-2014 ва 2015-2018 йилларда «Мольде», 2014 йилда «Кардифф Сити»да бош мураббий сифатида фаолият юритган. «Мольде» устози сифатида икки маротаба Норвегия чемпионати ва бир марта кубогида бош соврин соҳиби бўлган.

Эслатиб ўтамиз, «Манчестер Юнайтед» охирги иккита ўйинида мағлубиятга учради. Дастлаб АПЛда асосий рақобатчиларидан бири «Арсенал»га енгилган (0:2) жамоа шундан сўнг «Вулверҳэмптон»га ютқазиб (1:2), Англия кубогидаги юришини чорак финалда тўхтатди. Премьер-лигада клуб 30-турдан кейин 5-ўринда бормоқда. Жамоани ЕЧЛга йўлланма берувчи 4-поғонадаги «Арсенал»дан 2 очко, 3-ўриндаги «Тоттенҳэм»дан 3 очко ажратиб турибди.

Манкунианликлар 30 март, шанба куни «Уотфорд»ни қабул қилади. Сульшер жамоасини апрелда ЕЧЛ 1/4 финали доирасида «Барселона» билан тўқнашувлар, ички чемпионатда эса «Манчестер Сити» ва «Челси»га қарши баҳслар кутмоқда.

Муҳокама

27.03.2019

«Манчестер Юнайтед» яримҳимоячиси Поль Погбанинг агенти Мино Райола мижозининг молиявий талаблари ҳақида «Реал»ни хабардор қилди, деб маълум қилди Tuttosport.

Манба маълумотига кўра, 26 ёшли хавбек Мадридда йилига 16 млн евро маош олишни хоҳламоқда.

Агар Погбанинг бу талаби «қироллик клуби» томонидан қондирилса ва «МЮ» уни қўйиб юборишга рози бўлса, у ҳолда Поль «Реал»нинг энг кўп маош олувчи футболчисига айланади. 

Айни вақтда «қаймоқранглилар» аъзолари орасида энг кўп маош Гарет Бэйлга тўланади - унинг йиллик маоши миқдори 14 миллион еврога тенг. Кейинги ўринларда Серхио Рамос (11 миллион евро), Карим Бензема ва Лука Модрич (10 миллион евродан) жойлашган.

Погбанинг «Юнайтед»даги ҳозирги маоши йилига 10 млн еврога тенг. Шартномаси эса 2021 йилгача мўлжалланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппе ҳам «Реал»га шунга ўхшаш шарт қўйгани, у йилига 15 млн евро сўраётгани хабар қилинганди.

Муҳокама

27.03.2019

«Манчестер Юнайтед» собиқ бош мураббийи Луи ван Гал клубни ўзидан кейин бошқарган Жозе Моуриньо ва бу лавозимнинг ҳозирги эгаси Оле-Гуннар Сульшернинг фаолияти ҳақидаги мулоҳазалари билан бўлишди.

«Мендан кейин келган мураббий [Моуриньо] услубни «автобус қўй ва қарши ҳужумларда ўйна» тактикасига алмаштирди. Ҳозирги мураббий ҳам автобус қўйиб, қарши ҳужумда ўйнаяпти. Сульшер ва Моуриньо орасидаги асосий фарқ – Сульшер ғалаба қозонмоқда.

Ҳозир бу клубда эмасман, бироқ ўзгаришлар сезилмоқда. Жамоадаги муҳит яхшиланган кўринади. Қолаверса, Сульшер Погбанинг позициясини ўзгартириб, уни ҳақиқатан ҳам ўзи муҳим роль ўйнай оладиган жойга қўйди.

«МЮ» ҳозир Фергюсон давридагидек футбол кўрсатяпти, деб айтмаган бўлардим. Жамоа қарши ҳужумларга асосланган ҳимоявий услубда ўйнаяпти. Агар бу сизга ёқаётган бўлса, марҳамат. Агар клубнинг ҳозирги ўйин услуби менинг давримдаги зерикарли ва ҳужумкор футболдан кўра жозибалироқ деб ҳисобласангиз, қаршилигим йўқ. Аммо мен бундай деб ҳисобламайман.

Сульшер охирги иккита ўйинда ютқазди ва вазиятга ечим топиши керак. «Манчестер Юнайтед» ЕЧЛга йўлланма олиши жуда муҳим. Шу билан бирга, клуб Чемпионлар лигасида ғолиб чиқиши ҳам мумкин. Чунки ҳимоядан ўйнамоқда. Бу жамоани енгиш жуда қийин ва сизга ёқадими-йўқми, бу – Моуриньонинг меҳнати самараси», – деди ван Гал BBC мухбири билан суҳбатда.

Эслатиб ўтамиз, нидерланд мутахассиси 2014-2016 йилларда тўлиқ икки мавсум манкунианликларни бошқариб, бир маротаба Англия кубогида ғолиб чиққанди.

Муҳокама

27.03.2019

«Юнайтед» клуби ва бош мураббий вазифасини бажариб келувчи Оле-Гуннар Сульшер билан доимий шартнома имзолаш бўйича бўлган музокаралар ҳақида кўпроқ маълумот пайдо бўлди.

Daily Mail нашрининг маълумотига кўра, 46 ёшли мутахассис ушбу ҳафтанинг ўзидаёқ доимий бош мураббий этиб тайинлашини мумкин.

Сульшер «Манчестер Юнайтед» клубида Моуриньонинг декабрь ойида истеъфога чиқарилганидан кейин вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди. Унинг қўл остида жамоа барча мусобақаларда 19 та ўйиннинг 14 тасида ғалаба қозонди.

Бундан аввал «Мольде» клуби Сульшернинг мавсум якунига қадар Норвегияга қайтиши кераклигини хабар қилган эди.

Муҳокама

27.03.2019

«Барселона» ҳимоячиси Самюэль Умтити ёзда «Манчестер Юнайтед» аъзосига айланиши мумкин, деб маълум қилди Daily Mail.

Хабарда айтилишича, «МЮ» ҳимоя чизиғини кучайтириш устида бош қотирмоқда. Шу билан бир пайтда, «Барса» «Аякс» ҳимоячиси Маттейс де Лигт трансфери бўйича музокаралар ўтказяпти. Агар де Лигт ёзда Каталонияга келса, у ҳолда аввалроқ тиззасидан жароҳат олиб, анча вақт майдондан четда қолган Умтити «кўк-анорранглилар»нинг захира футболчисига айланиши мумкин. У бу мавсумда «Барса»нинг 10та ўйинида қатнаша олди, холос.

25 ёшли французнинг шартномаси 2023 йил ёзигача мўлжалланган. Унга «Арсенал» ҳам бефарқ эмаслиги ҳақида маълумот бор.

Муҳокама

24.03.2019

Поль Погба декабрь ойида бош мураббий Жозе Моуриньонинг истеъфосига жамоа футболчиларининг таъсири бўлмаганини таъкидлади. Эслатиб ўтамиз, у португалиялик мураббий билан муносабатлари энг зиддиятли ўйинчилардан бири саналарди.

«Муаммо нимада эди? Биз ғалаба қозонмай қўйгандик. Шунинг учун ҳам улар бош мураббийни ўзгартиришга қарор қилишди. Натижа – энг муҳим омил.

Агар ғалабаларга эришиб, яхши натижалар кўрсатганимизда эса мураббий ўз лавозимида қолган бўларди. Бор гап шу», – деган Погбанинг сўзларини келтирмоқда Mirror.

Маълумот учун, Оле-Гуннар Сульшер жамоа бошқарувига келгач, франциялик хавбек АПЛда 8та гол муаллифи бўлди. Чемпионат стартидан Моуриньонинг истеъфосига қадар деярли тўрт ой давомида учта гол билан кифояланган эди.

Муҳокама