13.09.2020

Уле Гуннар Сульшер Грецияда полициячилар билан жанжаллашган ва катта можарога сабаб бўлган ҳимоячи Харри Магуайрни сардорлик боғичидан маҳрум қилмаслигини айтди.

«Харри бу ёзни оғир ўтказди. Танаффус у қадар узоқ давом этмади. Унинг таътили бошқа футболчиларга нисбатан бошқача бўлди ва шунинг учун биз унга дам олиши учун яна бир неча кун қўшиб бердик. У ҳозир қайтиб келди ва кўриниши яхши.

У бўлиб ўтган воқеаларни муносиб ҳал қилди ва бу борада биз уни қўллаб-қувватлаймиз. У бизнинг сардоримиз бўлиб қолади. Мен уни ажойиб инсон деб биламан ва у инсоний қадриятларга эга. Харри янги мавсумда ҳам юқори савияда ўйин кўрсатади, деб умид қиламиз», — дейди норвегиялик мутахассис.

Муҳокама

13.09.2020

«Реал» раҳбарияти «Манчестер Юнайтед» сўраган Серхио Регилонни Англияга юборишга рози бўлди.

Мадридликлар бу футболчини тўлиқ сотмаслигини, уни қайта харид қилиш ҳуқуқини сақлаб қолишини маълум қилганидан кейин, трансфер амалга ошмай қолганди. Энди «Қироллик клуби» раҳбариятининг режаси ўзгарди.

Келаси йилга катта режаларни амалга оширишни мақсад қилган Зинедин Зидан «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Сульшернинг кўнглига йўл топмоқчи.

Чунки, «Реал» келаси ёзда таркибини қайта шакллантиради ва уларнинг рўйхатидан Поль Погба ҳам жой олган.

«Реал» раҳбарияти «Манчестер Юнайтед» билан дўстона алоқаларни сақлаб қолиш учун Регилондан бутунлай воз кечишга тайёр.

Муҳокама

12.09.2020

Ҳужумчи Чарли Макнил фаолиятини «Манчестер Юнайтед»да давом эттириши мумкин.

Гап шундаки, 17 ёшли футболчи «Манчестер Сити» билан шартномани узайтиришдан бош тортмоқда. Бироқ, бу ҳолатда ҳам клублар қоидага кўра товон пули борасида келишишлари керак.

Goal.com тарқатган хабарга кўра, «қизил иблислар» Макнил учун 810 минг евро тўлайди. Аммо бу нарх бонуслар ҳисобига 1,45 млн еврога етиши мумкин. Бундан ташқари, «шаҳарликлар» Чарлининг кейинги трансферидан ҳам улуш олишни режалаштирмоқда.

Макнил асли «Манчестер Юнайтед» тарбияланувчиси ҳисобланади. Лекин 2014 йилда "Манчестер Сити"га кўчиб ўтган.

Муҳокама

12.09.2020

Поль Погба коронавирусдан тузалиб, машғулотларга қайтди, деб хабар беради Sky Sports.

«Погба коронавирус туфайли бир нечта машғулотларни ўтказиб юборди, аммо унинг тикланиб олишига кўп вақт талаб этилмайди. У имкон қадар тезроқ майдонга қайтиш учун жуда кўп меҳнат қилди. Умид қиламанки, у келаси ҳафта охирида тайёр бўлади. Аммо бунга 100% амин эмасман», – дейди Сульшер.

Эслатиб ўтамиз, АПЛнинг 1-туридан ўрин олган, 12 сентябрь куни ўтиши керак бўлган «Бёрнли» ва «МЮ» жамоалари ўртасидаги баҳс қолдирилган. Манкунианликлар чемпионатни 19 сентябрь куни ўз майдонларида «Кристал Пэлас»га қарши 2-тур ўйини билан бошлашади.

Муҳокама

11.09.2020

«Манчестер Юнайтед» Испания чемпионатида майдонга тушган энг ёш футболчи сифатида тарихга кирган «Мальорка» ярим ҳимоячиси Лука Ромеро билан шартнома имзолашга қарор қилди.

Айни пайтда манчестерликлар футболчининг оиласи билан трансфер бўйича музокара ўтказмоқда.

Ромеро ўтган мавсумда «Реал»га қарши учрашувда дебютини нишонлади. У майдонга тушган куни 15 ёшу 219 кунлик эди ва бу тарихий натижа бўлди. Ромеро 81 йил давом этган рекордни янгилади.

Аргентиналик вундеркинд «Мальорка» га 2015 йилда олиб келинган эди. Унинг клуб билан шартномаси 2023 йилгача тузилган. Лекин испан клуби истеъдодли футболчини шартнома якунигача олиб қолишни уддалай олмаслиги мумкин.

Муҳокама

10.09.2020

«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Оле-Гуннар Сульшер янги шогирди Донни Ван де Бек ҳақида фикр билдирди:

«У дастлабки голини мен мураббийлик қилган «Молде»га урганди. У марказий ҳимоячиларимни доғда қолдириб, боши билан тўпни дарвозага жойлаган. Мен ўшанда уни эслаб қолганман.

Ван дер Сарга ўша пайтларда мана шундай йигитларни қўлдан бой бермаслик ҳақида гапирардим. Ўшанда биз Амстердамдан дуранг билан қайтишга мажбур бўлгандик», — дейди 47 ёшли мутахассис.

«Молде» ва «Аякс»нинг Европа Лигасидаги тўқнашуви 2015 йилда бўлиб ўтган.

Муҳокама

10.09.2020

«Лестер» раҳбарияти анчадан буён «Манчестер Юнайтед» кўзлаб юрган футболчини ўз сафига чорламоқда.

«Тулкилар» шу кунларда «Борнмут» ярим ҳимоячиси Дэвид Брукс агентлари билан алоқага чиқиб, музокарани бошлаб юборди. «Лестер» бир неча кун ичида футболчи трансфери бўйича расмий таклифини юборади.

23 ёшли ярим ҳимоячига «Манчестер Юнайтед» ҳам кўз тикмоқда. Сульшер «Боруссия»дан Жейдон Санчони олиб келишнинг имкони топилмаса, унинг ўрнига айнан Бруксни олишни мўлжаллаётган эди.

Англия премьер-лигасини тарк этган «Борнмут» эса етакчи футболчиларини сотиш орқали молиявий аҳволини ўнглаб олиши керак.

Муҳокама

10.09.2020

«Манчестер Юнайтед» раҳбарияти жорий трансферлар мавсумида янги ҳужумчи олиш фикридан қайтди. Шу тариқа, «Тоттенхэм» нинг супер тўпурари Ҳарри Кейнга ҳам манчестерликлардан узоқ кутилган таклифни олмайди.

Сульшер янги мавсумда асосий ҳужумчи ва тўпурар вазифасини Антони Марсьялга ишониб топширишга қарор қилди.

МЮ ҳужумчи учун ажратилган маблағни яхши савиядаги ҳужумкор ярим ҳимоячи, маркзий ва чап қанот ҳимоячи олишга йўналтиради.

Муҳокама

10.09.2020

Сульшер журналистнинг трансфер масалалари борасидаги саволига анча мужмал жавоб қайтарди:

«Мен ҳозирги таркиб билан ишлаётганимдан мамнунман. Клубда трансфер масалаларини мен ҳал қилмайман. Қайсидир позицияга футболчи керак бўлса, барчасини раҳбарлар билан маслаҳатлашиб оламиз.

Биз ғоят қийин даврда яшаяпмиз. Клуб бюджети катта зарар кўриб турган бир пайтда, миллионларни сарфлай олмаймиз», — деди мураббий.

Муҳокама

09.09.2020

«Юнайтед» афсонаси Гари Невилл клубнинг ҳозирги ҳолати ҳақида фикр билдирди:

«Ҳамма сингари «Юнайтед» ҳам пандемиядан зарар кўрди. Демак, сокинлик сабаби пандемия оқибатларида эмас.

Масалан, «Челси» истаганини қилмоқда. «Сити» ҳам керакли футболчиларни харид қилишда доимгидек фаол. Шунчаки, сўнгги йилларда МЮ жуда умидсиз кўринмоқда. Нега катта футболчилар олиб келинмаётганлигини тушуниш мушкул.

Санчо билан ҳам шундай тушунарсиз ҳолат юз берди. Узоқ давом этган музокаралар муваффақиятсиз якунланди. Қандай қилиб, бир футболчи атрофида шунча вақтни кетказиш мумкин? Уни тинч қўйинглар ва бошқа ўйинчига эътибор қаратинг! Атрофда кўплаб футболчилар бор. Жейдон сизлар учун ягона вариант бўлиши мумкин эмас».

Муҳокама