02.09.2020

Мэйсон Гринвуд «Барселона»дан «Манчестер Сити»га ўтиши мумкин бўлган ҳужумчи Лионель Месси ҳақида гапирди.

«Унга қарши майдонга чиқиш ақл бовар қилмас ҳолат бўларди.

Ёш футболчилар ҳам худди бошқалар каби Месси ҳақида билишади. Нафақат мен, балки ҳар қандай футболчи у билан бир майдонда бўлиш, унга қарши тўп тепишни орзу қилади. 

Бундай футболчини Премьер-лигада кўриш ажойиб бўларди. Ушбу трансфер жуда кўп нарсани англатади», – дея Гринвуднинг сўзларини келтиради MEN.

Муҳокама

01.09.2020

Сульшер «Аякс» ярим ҳимоячиси Донни ван де Бекни қўлга киритганидан кейин яна учта позициясини кучайтириш лозимлигини таъкидлади.

Сульшернинг фикрига кўра, таркиб тўлиқ шаклланиши учун жамоага бир нафардан марказий ҳимоячи, ҳужумкор ярим ҳимоячи ва тўпурар ҳужумчи керак.

Ўз навбатида, янги футболчиларни олиш учун клуб Жесси Лингард ва Андреас Перейра сотиб юбориши лозим.

Ҳозирча, МЮ скаутлари марказий ҳимоячи вазифасига Бундеслигада «Лейпциг» сафида ишончли ўйин кўрсатаётган Дайо Упамеканони олишни тавсия қилмоқда. Сульшер ҳам франциялик футболчи ҳимоя марказида Ҳарри Магуайр билан яхши тандем бўлиши ишонмоқда. Футболчининг трансфери 42 миллион еврога баҳоланган.

Муҳокама

31.08.2020

«Аякс» яримҳимоячиси Донни ван де Бек «Манчестер Юнайтед»га ўтиши масаласи ҳал бўлган. Журналист Фабрицио Романонинг ёзишича, «Аякс» ҳеч қандай музокараларсиз «Манчестер Юнайтед»нинг таклифини қабул қилган. Трансфер қиймати 40 млн еврони (плюс бонуслар) ташкил этади.

Хабар қилишларича, футболчи яқин вақтлар ичида Англияга йўл олади ва тиббий кўрикдан ўтиб, манкунианликлар клубига ўтиши жараёнини якунлайди.

Ҳавбекка «Барселона» ҳам даъвогарлик қилаётганди, аммо каталонияликлар янги бош мураббий Рональд Куман ушбу футболчи трансферини сўраган бўлсада, рақобатни бой берди. 

23 ёшли ван де Бек «Аякс» тарбияланувчиси ҳисобланади. Якунланган мавсумда у Нидерландия чемпионатида 23 ўйинда майдонга тушди (шундан 22таси бошланғич таркибда), 8 гол уриб, 6 голга узатма берди, уч марта сариқ карточка олди. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2022 йил ёзига қадар тузилганди.

Муҳокама

30.08.2020

«Манчестер Юнайтед» раҳбарияти ёзги трансферлар вақтида «Ювентус» ярим ҳимоячиси Дуглас Костоани сотиб олмоқчи. Бразилиялик футболчи туринликларнинг янги мураббийи Андреа Пирлонинг режаларига кирмайди.

Манчестерликлар бу футболчи учун 40 миллион евро тўлашга тайёр. Бу сумма «Ювентус»га ҳам маъқул келган.

Дугласнинг ўзи Бразилияда ўйнаб юрган пайтларидаёқ, Англия премьер-лигасида тўп суришни орзу қиларди. Агар бу трансфер амалга ошса, Сулшер Дугласни орзусига етишига сабабчи бўлган мураббийга айланади.

Муҳокама

30.08.2020

«Аякс» яримҳимоячиси Донни ван де Бек тез орада «Манчестер Юнайтед»га ўтади, деб хабар беради Diario Sport.

Манбага кўра, 23 ёшли нидерландиялик жамоадошларига манкунианликлар сафига ўтаётганини айтган.

Яримҳимоячи келаси ҳафтада шартнома имзолаш учун Англияга учиб боради.

Аввалроқ футболчига «Барселона» қизиқаётгани ҳақида айтилганди. 

Ван де Бекнинг трансфери 55 млн еврога баҳоланмоқда. У ўтган мавсумда Нидерландия чемпионатида 23та ўйинда майдонга тушиб, 8та гол урган.

Муҳокама

29.08.2020

Харри Магуайр Грецияда қандай воқеа юз берганини айтиб берди.

«Биринчидан, бизни ўғирлашди деб ўйладим. Биз тиз чўкдик ва қўлимизни юқорига кўтардик. Улар эса бизни уришни бошлади. Улар менинг оёғимга уриб, менинг футболчилик фаолиятим якунланганини айтишди. «Энди ҳеч қандай футбол ўйнамайсан».

Ўшанда мен бу аниқ полиция эмас, деб ўйладим. Шунинг учун улардан қочишга ҳаракат қилдим. Мен шундай саросима ва қўрқувда эдимки, ўз ҳаётим учун қўрқиб кетдим», — деди Магуайр.

Футболчининг айтишича, можаро полиция бўлими яқинида юз берган. У ўзининг синглиси Дейзини шифохонага олиб бормоқчи бўлган эди. Чунки Дейзига икки эркак киши яқинлашганида у ҳушидан кетишни бошлаган. Магуайр, шунингдек, полицияга пора беришга ҳаракат қилганини инкор қилмоқда.

«Бу шунчаки даҳшат. Қачондир яна шундай ҳолатга дуч келишни истамасдим. Ҳеч кимга буни раво кўрмайман. Ҳаётимда илк марта қамоқхонада ўтирдим.

Кимдандир кечирим сўраш керак, деб ўйламайман. Сиз қандайдир нотўғри иш қилсангиз ёки нимадандир афсуслансангиз, кечирим сўрайсиз. Мен бундай вазиятга тушиб қолганимдан афсусдаман. Мен жаҳондаги энг катта клубда ўйнайман ва мухлисларни бундай аҳволга солиб қўйганимдан афсусдаман.

Мен Греция қонунларига ишонаман. Такрорий суд бизга тайёргарлик кўриш, далилларни жамлаш ва гувоҳларни судга олиб келиш учун кўпроқ вақт беради. Ҳақиқат юзага чиқишига ишонаман», — деди Магуайр.

Сешанба куни суд Магуайр, унинг акаси Жо ва дўсти Кристофер Шерманни 21 ойлик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Муҳокама

28.08.2020

«Астон Вилла» яримҳимоячиси Жек Грилиш «Манчестер Юнайтед»га ўтиши мумкин.

Daily Mail'нинг ёзишича, манкунианликлар бирменгемликлар билан музокара олиб боришмоқда. 24 ёшли инглиз футболчиси келаси мавсумда Чемпионлар Лигасида ўйнайдиган «Манчестер Юнайтед»га ўтишга тайёр.

«Астон Вилла» ўзига мос келадиган таклиф бўлса, Грилишнинг кетишига халақит бермайди. Бирменгем клуби жамоа сардорини 75 млн фунтга баҳоламоқда. 

Таъкидланишича, «МЮ» «Боруссия» Д вингери Жейдон Санчо трансферида омадсизликка учрагач, бор эътиборини Грилишга қаратган.

Муҳокама

28.08.2020

«Манчестер Юнайтед» нинг португалиялик дарвозабони Жоэл Перейра фаолиятини Чемпионшип вакили «Хаддерсфилд» жамоасида давом эттирадиган бўлди.

Сульшер ижарада ўйнаган Дин Хендерсонни ортга қайтаришга қарор қилганидан кейин Перейранинг майдонга тушиш имконияти қолмади. Янги мавсумда Хендерсон асосий дарвозабон Давид де Хеа билан биринчи рақам учун рақобатлашади. Таркибда яна бир тажрибали голкипер Серхио Ромеро ҳам бор.

24 ёшли Перейра ўтган мавсумда ижара асосида Шотландиянинг «Хартс» клуби шарафини ҳимоя қилган эди. Беш йил олдин Англияга кўчиб ўтган дарвозабон, шу пайтгача МЮ таркибида учта ўйинда майдонга тушган.

Муҳокама

27.08.2020

«Манчестер Юнайтед» раҳбарияти ёш дарвозабон Дин Хендерсонга имконият бериш мақсадида у билан янги шартнома имзолади.

Энди 2025 йилнинг ёзигача манчестерликлар сафида қоладиган голкипер асосий таркиб учун испаниялик Давид де Хеа билан рақобатлашади.

Шу пайтгача ижара асосида «Шеффилд» дарвозасини қўриқлаган Дин ишончли ўйинлари билан қатор клублардан таклиф олаётган эди. Сульшер янги мавсумда унга имкон беришга қарор қилди.

23 ёшли дарвозабон ўтган мавсумда 36 та учрашувда майдонга тушиб, 33 та гол ўтказиб юборди.

Муҳокама

27.08.2020

Грецияда «Манчестер Юнайтед» ҳимоячиси Ҳарри Магуайрнинг жиноят иши кўриб чиқилди.

Сирос ороли суди 27 ёшли футболчини зўравонлик ва полицияга қаршилик қилганликда айбдор деб топиб, 21 ойлик шартли қамоқ жазосига маҳкум қилди.

Бироқ, «Манчестер Юнайтед» клуби суднинг қарори устидан апелляция берди. Энди жиноят иши яна бир бор кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, Магуайр ва унинг укаси Грециядаги таътил давомида муштлашувда иштирок этгани учун ҳибсга олинган, аммо кейинчалик қўйиб юборилган эди.

Муҳокама