04.11.2021

«Аталанта» бош мураббийи Жан-Пьеро Гасперини ЕЧЛ 4-туридан ўрин олган «Манчестер Юнайтед» (2:2) билан ўйиндан кейин ўз фикрларини билдирди.

«Ажойиб оқшом, яхши натижа. Роналдунинг сеҳргарлигисиз бундан ҳам яхши бўларди. Лекин бизда мухлислар билан нишонлайдиган нарса бор: Европанинг энг йирик клубларидан бири билан учрашдик. 

Ғалаба мукаммал натижа бўларди ва биз бунга яқин эдик. Жуда фахрланамиз. 80 фоиз хурсандмиз, қолган 20 фоизи афсус.

3 очко олганимизда, плей-оффга чиқиш имконияти ошарди. Аммо у ҳали ҳам мавжуд ва ҳаммаси ўзимизга боғлиқ», – дея Гасперинининг сўзларини келтиради Football Italia.

Муҳокама

03.11.2021

Криштиану Роналду EЧЛ 4-туридан ўрин олган «Аталанта»га (2:2) қарши баҳсдан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ўйинда португалиялик футболчи дублга эришди. Иккинчи тўпини 90+1-дақиқада киритиб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.

«Қийин ўйин. Бергамода ўйнаш ҳар доим оғир, аммо биз охиригача ишондик. Жуда ҳам бахтлиман. 

Ҳеч қачон таслим бўлмаймиз. Бу – «МЮ» учун яхши натижа. Бошида қийин бўлди, «Аталанта» кучли прессинг қилишини билардик. Уларда ажойиб мураббий бор. «Ювентус»да ўйнаганимда, уларга қарши баҳслар ҳар доим оғир бўлган. Якунда омадимиз келди. 

Ҳали ҳам яхшиланишимиз керак. Бизда турли футболчилар, бошқа тизим. Бир-биримизга мослашишимиз керак, бунга вақт зарур», – дея Роналдунинг сўзларини келтиради BBC Sport.

Муҳокама

01.11.2021

Поль Погба Италияга қайтмоқчи, дея ёзмоқда Sport Italia нашри.

Манба хабарига кўра, франциялик яримҳимоячи «МЮ» билан шартномасини узайтирмоқчи эмас ва мавсум якунида жамоани эркин агент сифатида тарк этади. Франциялик футболчининг агенти Мино Райола ҳам Погбанинг Манчестерда қолишини истамаяпти. Бу борадаги музокаралар тўхтаб қолган.

Қайд этилишича, Погба «Ювентус»га эркин агент сифатида келиб қўшилса, унга йиллик 12 миллион евро маош тўлашга тайёр. Бунинг учун Турин клуби аксарият ўйинчилари билан хайрлашиб, маош жамғармасини камайтиришига тўғри келади. 

Аввалроқ, Погбага «Реал» клуби ҳам қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Погба 2012 йил «МЮ»дан «Юве»га текинга ўтиб, 2016 йилда «Манчестер Юнайтед»га 105 миллион евро эвазига қайтганди. 

Маълумот учун, Поль жорий мавсум АПЛда 9 ўйинда майдонга тушиб, 7та ассистни амалга оширган. У «Ливерпуль» билан баҳсда қизил карточка олиб, 3та ўйинга дисквалификация қилинди.

Муҳокама

31.10.2021

Роналду АПЛ 10-туридан ўрин олган «Тоттенҳэм»га (3:0) қарши ўйиндан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

«Баҳс олдидан оғир ҳафта ортда қолганини англадик. Жамоа босим остида эди, бироз тушкунликка тушди, лекин муносиб жавоб бера олишимизни билардик. 

Албатта, менинг вазифам — жамоага тажриба, голлар ва ассистлар билан ёрдам бериш. Бугун уни амалга оширдим. Жуда мамнунман. 

Жамоа нуқтайи назаридан ақл бовар қилмайдиган ўйин бўлди. Доим танқид бўлади. Бу мени безовта қилмайди. 18 йилдан бери футбол ўйнаяпман. Шунинг учун биламанки, бир куни мукаммалмиз, бошқа куни эса, аксинча. Баъзида ҳаёт шундай. Ёмон лаҳзаларни бошдан кечиришингиз керак», – дея 36 ёшли португалнинг сўзларини келтиради Sky Sports.

Муҳокама

30.10.2021

Уэйн Руни клубдаги ҳозирги вазият ҳақида фикр билдириб, омадсизликлар учун фақатгина мураббийни айблаш нотўғри эканини айтди.

«Манчестер Юнайтед»ни малакали мутахассислар бошқармоқда. Ишонаманки, клуб тез орада вазиятни тўғри баҳолайди – кейинчалик ҳам Сульшер билан ишлаш керакми ёки у сиз. 

Футболчилар ҳам натижа учун ўзларини жавобгар ҳис қилишлари шарт. Барчасига мураббийни айблашдан осони йўқ. Футболчилар яхши бажара олмаётган ишлари учун катта маош олишмоқда. Улар масъулиятни кўпроқ ҳис қилишлари керак. Ҳар ҳолда жамоада жаҳон даражасидаги ўйинчилар йиғилган. «Манчестер Юнайтед» билан бундай натижа қайд этиш ҳеч кимни қониқтирмайди. Жамоа мағлубиятга учраганида футболчилар ўзларини ёмон ҳис қилишлари керак.

Бу клубда ҳар доим юқори мақсадлар туради, босим ҳам жуда кучли. «МЮ» ўйинини кўриб, кузатиш мумкинки таркибда ҳимояланишни истамайдиган, охиригача югуришни хоҳламайдиган ўйинчилар ҳаддан ошиқ кўп. Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Бу мураббийлар айбими ёки ўйинчилар? Билмайман», - дейди ҳозирда «Дерби Каунти» бош мураббийи сифатида ишлаётган Уэйн Руни Daily Mail билан суҳбатда.

Аввалроқ, клуб раҳбарияти Сульшерга вазиятни ўзгартириш учун яна учта ўйинга имконият бергани ҳақида хабар берилганди. «МЮ» 30 октябрь, шанба куни «Тоттенҳэм» меҳмони бўлади.

Маълумот учун, «МЮ» АПЛ 9-туридан кейин 14 очко билан 7-ўринни эгаллаб турибди.

Муҳокама

28.10.2021

Поль Погба Англия футбол ассоциацияси томонидан учта ўйинга дисквалификация қилинди.

Клуб расмий сайти хабарига кўра, франциялик яримҳимоячи АПЛ доирасидаги «Ливерпуль»га (0:5) қарши ўйиндаги четлатилиш туфайли учта ўйинни ўтказиб юборишга мажбур. Поль Премьер-лига доирасидаги «Тоттенҳэм», «Манчестер Сити» ва «Уотфорд»га қарши баҳсларда жамоасига ёрдам бера олмайди.

Погба «Ливерпуль»га қарши баҳсда захирадан майдонга тушиб, дастлаб гол билан якунланган хатога йўл қўйган бўлса, 14 дақиқа ўтиб Наби Кейтага нисбатан қўполлиги учун майдондан четлатилди. 

Маълумот учун, Погбанинг «МЮ» билан амалдаги шартномаси ёзда ниҳоясига етади. Поль жорий мавсум АПЛда 9 ўйинда майдонга тушиб, 7та ассистга муаллифлик қилган.

Муҳокама

25.10.2021

Пол Скоулз манчестерликлар «Ливерпуль»га 0:5 ҳисобида имкониятни бой берганидан сўнг, жамоа етакчиси Поль Погбани танқид остига олди. 

«Погба иккинчи тайм аввалида майдонга ташланди. У жамоага ёрдам бериши, руҳий тушкунликдан олиб чиқиши ва майдон марказидаги муаммоларни бартараф этиши керак эди. Лекин у рақибга гол совға қилди. 

Кейинчалик у кераксиз вазиятдаги тўпга ташланиш туфайли қизил карточка ишлаб олди. Савол туғилади: Сульшер бош мураббийликда қолса, Погба яна «МЮ» либосида майдонга тушадими? Сўнгги йилларда у катта тартибсизликларга сабабчи бўлди. Аввалги формасида бўлган тақдирда, уни барча мураббийлар ўз жамоасида кўришни истайди. Унинг қандай юксак иқтидор эгаси эканини биламиз-ку! 

Шунга қарамай, у ҳамон жамоа билан шартнома имзолашни истамаяпти. Умуман, Погба Манчестердан кетса, «қизил иблислар» нимадир йўқотади, деб ўйламайман», - деб айтган англиялик собиқ футболчи. 

Эслатиб ўтамиз, «Ливерпуль»га қарши беллашувнинг иккинчи тайми аввалида майдонга туширилган Погба 14 дақиқадан сўнг қизил карточка олиб, майдонни тарк этди.

Муҳокама

25.10.2021

«Ливерпуль»га қарши ўйин (0:5) Оле-Гуннар Сульшернинг «Манчестер Юнайтед»даги сўнгги учрашувига айланиши мумкин.

Manchester Evening News нашри хабарига кўра, клуб раҳбарияти норвеглиялик мураббийни истеъфога чиқариш ҳақида жиддий бош қотирмоқда. Сульшер АПЛ 10-туридаги «Тоттенҳэм»га қарши ўйиндан аввал истеъфога чиқарилиши мумкин.

«Юнайтед» сўнгги 9 ўйиндан 5тасида мағлубиятга учради. Клуб АПЛда кетма-кет 4 ўйиндан буён ғалаба қозона олмаяпти. 

«МЮ» сўнгги турда ўз тарихида илк марта мухлислари қаршисида «Ливерпуль»га 0:5 ҳисобида мағлуб бўлди.

Маълумот учун, «Юнайтед» июль ойида Сульшер билан уч йиллик шартнома имзолаганди.

Муҳокама

25.10.2021

Оле-Гуннар Сульшер АПЛ 9-туридан ўрин олган «Ливерпуль» (0:5) билан баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди. 

«Сўз топиш қийин. Аммо айтишим мумкинки, бу – жамоа бош мураббийи сифатида фаолиятимдаги энг ёмон кун. Индивидуал ва жамоавий жиҳатдан етарлича яхши эмасдик. «Ливерпуль»га бундай вазиятлар яратишга имкон бермаслик керак. Афсуски, биз бундай қилмадик.

Бизда бўш ҳудудлар бор эди ва улар имкониятлардан хотиржам фойдаланишди. Учинчи гол ўйин натижасини ҳал қилди.

Бу – менинг жавобгарлигим. Мураббийлар штаби зўр. Ўйинга ёндашувимизни аниқлайман. Вазиятлардан унумли фойдаланмадик. «Ливерпуль»га аввалги йилларда бўлгани каби юқори босим қилдик. Аммо бугун улар ўз вазиятларидан фойдаланишди. 

Ўтган мавсумда «Тоттенҳэм»га 1:6 ҳисобида мағлуб бўлгандик, аммо бугунги мағлубият ундан ҳам ёмонроқ. Айниқса, мен ва «МЮ» мухлислари учун. Биз ундан тезда қутулишимиз керак.

Ҳаммамиз узоқ йўлни босиб ўтдик. Энди таслим бўлишга жуда яқин турибмиз. Футболчилар хафа бўлишади, лекин бизда кучли характерга эга одамлар кўп. Қандай хулосалар чиқаришни кўрамиз», – дея Сульшернинг сўзларини келтиради ВВС.

Муҳокама

24.10.2021

Криштиану Роналду жамоага совринлар ютиш учун қайтганини айтди.

«Бу ерда эканимни сабаби – ғалаба қозониш ва совринларга эга чиқишдир. Бу ерга дам олиш учун келганим йўқ. Клубга ҳам шундай деб айтгандим.

Жамоада катта потенциал борлигини кўряпман. Айниқса, катта потенциалга эга ёш футболчилар талайгина. Бу ерда улар билан бирга ғалабалар қозониб, ғолиб бўлмоқчиман. 

Фаолиятим давомида ҳар қанча қанча соврин ютганимга қарамай, ҳозирги ёшимда ҳам соврин ютиш учун менда кучли хоҳиш бор.

«Олд Траффорд»га қайтиш – ҳаётимнинг янги даври бошланишидир. Унда ғалабалар кўп бўлишини истайман. «МЮ» ҳар доим юқори даражада бўлиши ва соврин учун курашиши шарт», - дейди португалиялик футболчи Sky Sports билан суҳбатда.

Маълумот учун, Роналду «МЮ» сафида жорий мавсум 8 ўйинда жами 6та голга муаллифлик қилди.

Муҳокама