Mualliflik bloglari

БЛЕФ. СУЛЬШЕРНИНГ АСОСИЙ ҚУРОЛИ НИМАДА?

Blog Tribuna.uz

«Манчестер Юнайтед»да Жозе Моуриньо давридан давом этиб келаётган бир муаммо бор – жамоа позицион ҳужумларни ташкил қилишда қийналади. Натижада, кўпчилик бўлиб ҳимояланадиган жамоани ёриб ўтиш осон бўлмайди. Бу ростан ҳам бор нарса.

Шу билан бирга, яна бир стереотип бор – «Манчестер Юнайтед» қарши ҳужумларни зўр ташкил қилади. Аслида эсингизда бўлса, Жозе «Реал»да ҳам бу борада жуда кучли машинани яратган, Роналду–Ди Мария–Ўзил каби футболчилар билан дунёдаги энг тезкор қарши ҳужумлар қила оладиган «Реал»ни билардик. Манчестерга келиб ҳам Моуриньо шу йўналишда ҳаракат қилди – Луи ван Гаалнинг тўп назоратига асосланган ўйинидан чинакам вертикал жамоага айланиш учун бир йилдан ортиқроқ вақт кетди. Ибраҳимович, Мата, Руни каби футболчилар етакчи бўлиб турганида, тезкорликни асосий планга олиб чиқиш имконсиз эди ва кейинги трансферларда айнан вертикал футбол асосий талабга айланиб борди.

Сульшер билан бу қурол янада такомиллашди. Биринчидан, маълум бир паллада бу жуда яхши натижа беришни бошлади ва айнан ўша давр – Сульшернинг илк ойлари бутун Англияда «Манчестер Юнайтед» қарши ҳужумда беназир ҳаракат қилади, деган тасаввурни уйғотди. Эсингизда бўлса, Сульшер келгач, «Манчестер Юнайтед» қаторасига бир неча ўйинда сафар ўйинларини фақат ғалаба билан якунлайверди. Улар ичида «Тоттенҳэм», «Лестер», «Челси», «Арсенал» ва «ПСЖ» каби жамоалар бор эдики, бу ўйинлардаги голларга эътибор берсангиз, асосан тезкор қарши ҳужумларга таянилган.

Ёзда эса, Давид Жеймс ҳам сотиб олинди. Эррера, Феллайни ва Матичсиз, энди бу «Манчестер Юнайтед» учун тезкор ҳужумлар асосий эмас, ягона қуролга айланиб қолди. Рэшфорд ва Жеймс - АПЛдаги энг тезкор беш футболчидан иккиси, булар билан бошқача ўйнашни ихтиёр этиш ҳам қийин. «Манчестер Юнайтед» позицион ҳужумларда муаммоларга дуч келишда давом этмоқда, «Вулверҳэмптон», «Саутҳэмптон», «Ньюкасл», «Борнмут», «Шеффилд», «Астон Вилла», «Кристал Пэлас» жамоаларига қарши ўйинларда очко йўқотилди – бу ҳали ярми якунланмаган мавсум учун жуда кўп. Аммо шу билан бирга, ҳалиги стереотип ҳам яшаяпти – «Манчестер Юнайтед» қарши ҳужумларда жуда хавфли клуб.

Бу жамоага нима бермоқда?

Кечаги ўйиндан кейин Жозе Моуриньо шогирдларининг дадилроқ, янада агрессивроқ ўйнамагани асосий камчилик бўлганини тан олди. Бу ҳолат табиийки, мураббийнинг ўйинга эҳтиёткор ёндашувидан келиб чиққан оқибат. Қизиғи, Моуриньони қўйинг, айнан топ ўйинлардаги дадил тактикалари билан ном қозонган Юрген Клопп ҳам, эсингизда бўлса, «Олд Траффорд»да худди шундай вазиятга тушиб қолганди. Бир эмас, икки марта. Кўп мутахассислар Клопп жамоаси мавсумда биринчи марта ўзига ўхшамагани, ўта эҳтиёткор тактика танлаб юборганини таъкидлашганди. Бундай эҳтиёткорликнинг манбаси ҳам аниқ – «Манчестер Юнайтед» қарши ҳужумларда хавфли жамоа.

Сульшернинг кулиб турган юзи покердаги блеф қилувчига ҳеч ўхшамаса-да, бу ҳолат футболдан кўра, айнан ўша ўйинни эслатиб юборади. «Манчестер Юнайтед»да кўп қирралар ҳали шаклланмаган, натижа олиб келмаётган бўлиши мумкин, лекин асосий салоҳият айнан тезкорликда экани, бугунги кунда бу жамоанинг ягона қуроли бўлиб қолаётгани, беихтиёр топ-рақибларни ҳаддан ташқари эҳтиёткор қилиб қўяди. Ўта юқори прессинг қўллаш, кўпчилик бўлиб олдинга ташланишдан қайтаради – қизиғи, худди шу қараш бумеранг каби, «Юнайтед» тактикасини ҳам белгилаб, кутилмаганда «Манчестер Юнайтед» майдонда ташаббус билан тўп суришига ҳам замин яратади.

«МЮ»нинг топ-ўйинлар сценарийларига эътибор беринг: дастлаб, ўйин бошидан танланган тактикада «Арсенал» ҳам, «Ливерпуль» ҳам ҳеч нарса қила олмади. Чунки рақиб қарши ҳужумидан қўрқиб, олдинга ташланмаслик «МЮ»нинг вазифасини анча осонлаштириб юборди. Ўйин охирларига келиб эса, ҳар қандай жамоа таваккалчиликни бошлайди, кўпроқ куч билан ҳужумга ўтади, ҳимояни ўйлашни бошлайди. «Юнайтед» бундан фойдаланадими? Аксарият ҳолларда, ҳужумга ташланган жамоа ниятига етди, ҳисобни тенглаштирди. Нафақат «Арсенал» ва «Ливерпуль», бошқа, ўртачароқ жамоаларни ҳам эсланг – «Манчестер Юнайтед» бу мавсумда ўзи ҳисобда олдинга чиқиб олган 6 ўйинда ғалабани ушлаб қола олмади («Астон Вилла»дан кейин иккинчи кўрсаткич). Аксарият ҳолларда «МЮ» биринчи бўлимларни жуда яхши ўтказяпти, чунки рақиб ҳали ўзгармаган, айнан тайинланган тактика асосида тўп сураётган бўлади. Ўша тактика эса, биз билган асос устига қурилади – «Манчестер Юнайтед» қарши ҳужумда жуда хавфли.

Қаранг, кеча «Тоттенҳэм» 30-45 дақиқаларда фаол ҳужумга ўтди ва айнан шу дақиқаларда ҳам гол уриб, ҳам вазиятлар бўйича устунликка эришди. Лондонликлар мезбон жамоа ҳимоячиларини хато қилишга мажбур қилишди. Ўйиннинг сўнгги дақиқалари ҳам шунақа – бор куч билан «Тоттенҳэм» ҳисобни тенглаштиришга ташланганда, энг кучли ўйинини кўрсатди, 4 марта аниқ зарба берди. Дастлабки, 75 дақиқада атиги 2та аниқ зарба.

Ўша дақиқаларда «Манчестер Юнайтед»да иккита яхши вазият бўлди, тўғри, лекин фойдалана олмади. Кеча ҳам, юқорида тилга олинган аксарият ўйинларда ҳам «Манчестер Юнайтед» қарши ҳужум қуролидан фойдалана олмаяпти аслида. «Челси»га қарши ўйинда 3 гол уриб, ҳисоб йириклаштирилганини айтмаса, асосан «МЮ» қарши ҳужумда ҳисобни оширишдан кўра, рақибнинг ҳисобни тенглаштириши кўпроқ рўй бермоқда. Ҳисоб очилган 6 ўйин ғалаба билан якунланмаганининг асосий сабаби шу – қарши ҳужумлардан фойдаланиб, ҳисобни ошира олмасликдан, аслида энг катта камчилик шу ерда, тўғрими? Қарши ҳужум «МЮ»га фойда бераётган ягона жиҳат, қарши ҳужумларнинг ўзи эмас, бошқа – рақибнинг, айниқса, топ-клубларнинг бундан қўрқаётгани холос. Бошқа ўйнашни билмаслигиданми, ёки ростан ҳам қарши ҳужум таяниладиган асосий пойдеворми, фарқи йўқ, Сульшер қўлида қартани ушлаб, рақибига маъноли табассум қилади – биз қарши ҳужумда хавфлимиз. Тамом.

Сульшер келганидан кейин кубоклар билан қўшиб ҳисоблаганда Топ-6 га қарши 12 ўйин ўтказилди. Бунинг ярми «Манчестер Юнайте«» ғалабаси билан якунланди. 4 учрашув дуранг билан якунланди. Атиги икки марта – «Арсенал»га қарши сафар ўйинида (қизиғи, ўшанда «МЮ» биринчи рақамда ўйнашга мажбур бўлганди) ва чемпионлик учун ўта юқори мотивацияга эга бўлган «Манчестер Сити»дан «Олд Траффорд»да мағлубиятга учралди.  Ажойиб натижа. «Челси», «Тоттенҳэм» ва «Ливерпуль» ҳали Сульшер устидан ғалаба қозонганича йўқ. «Арсенал» ва «Ливерпуль»га қарши дуранг билан якунланган ўйинларда ҳам «Юнайтед» ҳисобни очиб, ўйин охирларигача олдинда борганини эътиборга олсак, бемалол «МЮ»нинг топ-ўйинларидаги устунлигини кўрамиз. «Астон Вилла» каби жамоалар эса, «МЮ»нинг қарши ҳужумидан, умуман бошқа жамоанинг ҳужумидан қўрқмайди, ўзининг билган ўйинини қилаверади.

Вазиятга позитив томондан қараганимизда, топ-ўйинлардаги бундай натижалар келажакка ишонч беради. Матичдан воз кечиш, «МЮ» трансфер бозорида кўриб чиқаётган ижрочилар (Санчо, Мэддисон, Фернандеш, Ҳоланд) ҳам жамоа яна шу йўналишда давом этмоқчи эканини кўрсатади. Қанақадир позицион ҳужумлар, ўртамиёналар билан натижага эришишнинг эса бошқа йўли бор – учта ёки тўртта катта трансфер орқали жамоанинг маҳоратини ошириш. Унгача эса, Сульшернинг қўлида Перрейра бўладими, Гринвудми, фарқи йўқ, кулиб тураверади: «Манчестер Юнайтед» қарши ҳужумда хавфли. Истасанг, синаб кўр».

Қаҳрамон Асланов

0.00%
Boshqa yangiliklar
Изоҳ

    Сиз авторизациядан ўтмагансиз. Шарҳ қўшиш учун сайтга киринг.