Англия футболда бош билан бериладиган зарбалар сонини чекламоқчи. Бу футболчиларнинг соғлиғига зарар етказяпти.
Англияда машғулот жараёнлари учун янги қоида жорий қилинди: Футбол ассоциацияси, Премьер Лига, Англия футбол лигаси, Профессионал футболчилар уюшмаси ва Лига менежерлари ассоциацияси ҳаволатиб узатиладиган тўпларга бош билан «кучли» зарбалар сонини ҳафтасига 10 тага чеклашга келишиб олди.
Бу нима дегани?
«Кучли» зарбаларга жарима майдончасига қанотлардан, бурчакдан ва стандарт зарбалардан оширилган тўплар киради. Шунингдек, аввал эълон қилинган кўрсатмаларда, машғулотлар жараёнида клублар, агар ўйинчи тўп томон югураётганда уч ёки ундан кўп қадам ташласа ёки уни қабул қилиш учун сакраса, бош билан зарбалар сонини чеклаб қўйиши таклиф қилинган. Ҳар бир футболчи ёши, жинси, позицияси, шунингдек, бош билан бериладиган зарбалар сони ва «турини» ҳисобга олган ҳолда шахсий «хавфсизлик профилини» тузиш тавсия этилади — бу ҳамма бош билан тўғри ўйнаши ва ўйинларда бундай ҳаракатлар сонини чеклаши учун керак бўлган омил. Шунингдек, мураббийлар штабига ҳам футболчиларнинг тикланишига етарлича вақт ажратилишини таъминлаш тавсия этилади.
Бу нима учун керак?
Англияда узоқ вақт давомида бош билан ўйнаш хавфи тўғрисида «кўплаб тадқиқотлар» ўтказилиб келинади. 2019 йилда олимлар профессионал футболчиларнинг нейродегенератив мия хасталиклари билан кўпроқ касалланишини аниқлаган. Собиқ футболчилар орасида ҳам бундай касалликлардан ўлим топганлар футболга алоқаси бўлмаганларга қараганда уч баравар кўпроқ. «Вест Бромвич» собиқ ҳужумчиси Жефф Асл, 1966 йилги Жаҳон Чемпионатидаги Англия терма жамоаси аъзолари бўлган Жек Чарльтон ва Нобби Стайлз мия касаллигидан вафот этгани бунга яққол мисол бўла олади. Шунингдек, Бобби Чарльтон ҳам ақлий заифликдан азият чекади.
Тадқиқот муаллифи, Глазгодаги Қиролича Елизавета университети шифохонаси невропатолог-маслаҳатчиси, доктор Вилли Стюартнинг айтишича, футболчилар ва регбичиларда бош жароҳатлари ҳамда сурункали травматик энцефалопатияни орттириб олиши ҳақида аниқ далиллар бор.
Тадқиқотлар давом эттирилади — Англия «барча ўйинчиларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш учун тўғри йўлда» эканлигига ишонч ҳосил қилмоқчи.
Бу тадқиқот қандай ўтказилган?
Биринчи тадқиқотда «Ливерпуль» U-23/U-18 ва «Манчестер Сити» U-18 аёллар ва эркаклар жамоаларининг футболчилари текширилган. Футболчиларга уларнинг тана ва миясига берилган зарбаларнинг частота ва кучи тўғрисида маълумотлар тўплайдиган махсус капалар берилган. Иккинчи тадқиқотда Opta’дан олинган 2019/20 йилги мавсум маълумотлар кападаги кўрсатмалар билан таққосланади. Шундан сўнг бош билан зарбаларнинг частотаси, кучи ва йўналиш схемалари мустақил равишда кўриб чиқилган, шунда ҳимоячилар ярим ҳимоячи ва ҳужумчиларга қараганда кўпроқ бош билан зарба бериши маълум бўлган.
Бу қоидага риоя қилиниши назоратга олинадими?
Йўқ. Бу тавсия чораси бўлиб, унга мажбурий тус берилмайди. Аммо баёнотда клуб ходимлари ҳар бир футболчининг машғулотларда бош билан ўйнашини реал вақтда кузатиб бориши жуда муҳимлиги айтилган. Агар машғулот давомида ўйинчида бошидан шикастланиш аломатлари сезилса, дарҳол текширувдан ўтказиш керак бўлади.
Ўзи бу қоидага амал қилишнинг имкони борми?
Ҳа, лекин бунинг учун клублар ўз тактикасини тубдан ўзгартириши керак бўлади, ҳозирча қайсидир жамоанинг бундай қилишига ишониш даргумон. Қоидалар жуда зиддиятли, ҳатто қайсидир маънода ғалати («футбол — бу контактларга бой бўлган спорт тури», «1966 йилдан бери тўплар анча енгиллашган», «бу ўйин эстетикасига таъсир қилади» — булар ушбу тавсияга зид бўлган бир қанча баёнотлар, холос), лекин у илмий доираларда яхши кутиб олинди.
«Бу чекловлар нимага асослангани ва улар амалда қандай қўлланилиши номаълумлигича қолмоқда. Аёлларнинг бош жароҳатларига эркаклардан кўра кўпроқ мойиллиги ҳақидаги далилларнинг кўпайишига қарамай, кўрсатмаларда жинслар алоҳида қайд этилмаган. Эркак ва аёл ўртасида биологик ва физиологик тузилишда фарқ мавжуд. Бу эса алоҳида ёндашувни талаб қилади», — дейди доктор Майкл Грэй.
Тадқиқотлар ҳали яна олиб борилади, аммо олимлар вақт ўтиши билан бу чекловлар ўйинларга таъсир қилишини, кейинчалик эса бош билан ўйнашнинг тўлиқ тақиқланишига олиб келишини истисно қилмайди. Бунинг яхши ёки ёмон бўлишини айтиш қийин, чунки футбол қоидаларини тинимсиз ривожланаётган организмга ўхшатиш мумкин. Вақт ўтгани сари эса ҳамма нарсага кўникиш мумкин.
Сиз авторизациядан ўтмагансиз. Шарҳ қўшиш учун сайтга киринг.