Mualliflik bloglari

БУГУНГИ ҚАҲРАМОНИМИЗ МЕЙСОН ГРИНВУД

Blog Tribuna.uz

Яқинда Месси ва Роналдудан бўшаши кутилаётган тахт учун даъвогарлар кўп. Мбаппе, Ҳоланд... Бугунги қаҳрамонимиз Мейсон Гринвуд катталар ичидаги илк мавсумини ўтказаётган бўлса-да, ўзига жуда катта эътиборни тортиб улгурди.

Мэйсон Гринвуд 18 ёшда. У катталар футболида илк мавсумида ўтказмоқда. «Манчестер Юнайтед» таркибида 43 ўйин ўтказиб, 15 гол урди ва яна 5 голга ҳаммуаллифлик қилди. Мавсумда у жамоанинг учинчи тўпурари бўлиб турибди, клуб сафидаги голлар бўйича Фалькао, Санчес ва Ди Мариянинг умумий кўрсаткичидан ҳам ошиб кетиб бўлди.

Гринвудни нафақат «МЮ» ёки Англия, балки бутун Европада ўзига хос ҳужумчига айлантираётган яна бир жиҳат бор – у вазиятлардан фойдаланиш бўйича энг яхши натижага эга. Кутилган голлар (xG) бўйича атиги 3 гол уриши мумкин бўлган Мейсон 9 марта рақиб дарвозасини ишғол қилиб улгурди.

Европа чемпионатларида ҳеч қайси ҳужумчи хавфли бўлмаган вазиятларни голга айлантириш бўйича бу қадар юқори натижага эга эмас, агар еврокубокларни ҳам ҳисобга оладиган бўлсак, фақат Холанд бироз яқин келади.

Гринвуднинг сири нимада?

Гринвуднинг сири, у кўпроқ ўткир бурчаклардан, жарима майдони ташқарисидан ёки ҳимоячилар орасидан туриб зарбани ижро этишидир. Бундай шартларда дарвозага аниқ зарба беришнинг ўзи мушкул, тўғри борган тақдирда ҳам, дарвозабонлар қайтариши эҳтимоли катта – аммо Гринвуд тепади, дарвозабонлар ушлай олишмайди. Нега?

Биринчидан, у доим жуда кучли зарба беради. Бунинг устига жуда аниқ, аслида, оддий футболчиларнинг кучли зарбалари бу қадар аниқ чиқмайди, кўпинча.

Иккинчидан, Гринвуд деярли тайёргарликсиз тепади. Тўпни ўзига бўйсундиришда, зарбани ижро этиш учун жуда кам вақт кетади.

Тайёргарликнинг йўқлиги ва оёқлар тезлиги натижасида дарвозабонлар зарба ижро этилиши палласини кўрмай қоладилар. Ҳаммаси шу қадар тез содир бўлиб, зарбанинг ҳам кучли эканидан, дарвозабонларда муаммо юзага келади.

Ва яна бир асосий жиҳат, Гринвуд ҳар икки оёғида ҳам яхши тепа олади. Деярли фарқи йўқ. 

Ҳар икки оёқда бирдек тепа олади

Умуман олганда, Гринвуд чапақай. Аммо бу шунчаки факт. Жорий мавсумдаги 10 голини у чап оёқда, 6та голни эса ўнг оёқда урди. Ўтган мавсумда, ёшлар жамоасидалигида аксинча, 33 голнинг 19таси ўнг оёқда урилганди. 

«Олти ёшда у ҳар икки оёқда ҳам яхши ўйнарди», – деб эслайди мураббий, - «дарвозанинг қуйи бурчагига ҳар икки оёқда ҳам зарба бераверади, дарвозабонларга имконият қолмасди. 6-7 ёшда Мейсон 13 ёшли йигитчалар каби тепарди».

Қизиғи, Гринвуд пенальтиларни чап оёқда тепади. Сабаб ҳам зўр – 12 ёшида чап оёқда тепган пенальтисидан гол уролмаган. Шунда бери у пенальтилар учун ўнг оёқни танлаган.

«Пенальти ва жарима зарбаларини асосий бўлмаган оёқда ижро этадиган футболчини илк бор Гринвудда кўргандим», – дейди «МЮ» академияси мураббийи Клейтон Блэкмор, - «Академияда ўнг оёқда 25 метрлардан жарима зарбаларини ижро этаётганини кўриб, ҳайрон қолганман».

Унинг янги жамоадоши Люк Шоу ҳам ҳайратини яширмайди.

«У иккала оёқни ҳам ишлатади. Баъзида у жарима зарбасини ўнг оёқда тепади, кейин эса, чап оёқда бурчак тўпини ижро этади. У биринчи марта машғулотларга келиб, шу ишни қилганда, йигитлар ҳайрон қолгандик ва «бу бола нималар қиляпти?» деб бир-биримизга қарагандик. Ҳеч қайси биримиз уни деярли билмасдик, шунинг учун бироз шокка тушганмиз.

Унинг ҳар икки оёғидан берадиган зарбалари 50га 50, йўқ, 60га 60! Криштиану ҳам баъзида чап оёқда тепади, лекин Мейсонники умуман бошқача. Унинг зарба бериш техникаси ажойиб», дейди футболчи.

Айнан мана шундай ғаройиб техникаси туфайли, уни анчадан бери Робин ван Персига ўхшатишади. Жуда кўп голлари ҳам Гринвудни Робинга жуда яқинлаштиради. Бу ҳақида ҳатто Робиндан ҳам сўрашган. Нидерландиялик ҳужумчи ўзига хос тарзда, агар Гринвуд унга ўхшашда давом этса, юқори чўққиларни забт этишини айтганди.

Сульшер унинг персонал мухлиси

Ўтган ёзда «МЮ» Лукакуни сотган бўлса-да, ўрнига бошқа ҳужумчи олмади, Сульшер Марсиял ва Рэшфордга ишонч билдирди. Гринвуд эса аста-секинлик билан таркибга кириб бормоқда.

Бир йил олдин 17 ёшли болага ишонч билдириш мажбуриятдек туюлган бўлса, ҳозир айта оламизки, Сульшер кўп нарсани билган. Ҳатто баъзилар айнан Гринвуднинг келажаги туфайли Ҳоланд трансферидан воз кечилганини ҳам айтишмоқда.

Норвегиялик мураббий эса бутун мавсум Гринвудни мақташ билан овора.

Мана баъзилари:

«У ажойиб якунловчидир. Мен ёшлигимда у қадар эмасдим. Фаолиятимда мана шундай кучли ва аниқ зарбалар билан голлар урган 18 ёшли футболчини эслолмайман»

«Бомбардир сифатида Гринвуд Рэшфорддан ҳам, Марсиялдан ҳам кучлироқ»

«Албатта, мен Уэйн Рунининг ҳам ёшлигини кўрганман, лекин Мэйсон айнан ҳужумларни якунлаш борасида тенгсиз. У тўпни қабул қилаётганда нима қилишни аниқ билади ва агар зарба берса, одатда голга айланади. Вақт ўтиб у янада кучаяди»

«Гринвудни аввалдан биз учун жуда муҳим тўпурар бўлишини билардик. Шунчаки жарима майдони яқинида уни тўп билан таъминлаш кифоя, албатта, нимадир бўлади»

«Мейсон мен кўрган ва ишлаган футболчилар ичида энг яхши зарба соҳиби. Вазиятлардан фойдаланишда совуққон ҳам»

Албатта, Гринвуднинг камчиликлари борасида ҳам маслаҳатлар беради:

«Агар бош билан ўйнашни ҳам кучайтирса, Гринвуд мукаммал ҳужумчига айланади»

«У Рэшфорд каби, кўп вазиятларни ўз қўлига олишни ўрганиши керак»

Баъзи фактлар

- Илк ўйинда (6 ёшда) Гринвуд «Галифакс» жамоаси сафида 16 гол урган. Жамоа 16:1 ҳисобида ғалаба қозонган.

- Сульшердан қизиқарли ҳикоя: «Унинг отаси менга бир расм кўрсатди. Мэйсон 7 ёшда ва биз биргаликда расмга тушганмиз. Ўғлим Ноада шуғулланиб юрганида, 8 ёшда эди, Гринвуд эса 7 ёшда. У ўшанда ҳам бошқалардан ажралиб турган ва шунинг учун ҳам Ноа билан бирга уни расмга туширгандим. Ўшандаёқ, у «МЮ» ўйинчиси бўлишини билганман»

- 13 ёшида Гринвуд 100 метрга югуриш бўйича тенгқурлари ичида рекорд ўрнатган. Ҳатто Англия Енгил атлетика федерацияси унинг ота-онасига таклиф билан чиққан. Лекин Гринвудлар оиласи футболни танлашган.

- У «Манчестер Юнайтед» сафида еврокубокларда гол урган энг ёш футболчи – 17 ёш-у 353 кун.

- У кўпроқ ўнг қанот ҳужумчиси сифатида ўйнайди, аммо баъзида истиснолар бўлади, жорий мавсумнинг 14 ўйинида Сульшер уни марказий ҳужумга ҳам қўйди. Академияда Гринвуд деярли барча позицияларда ўйнаган, ҳозир ҳам унда эркинлик бор, ҳужумнинг исталган нуқтасида пайдо бўлиши мумкин.

- Ҳозирда Гринвуд «МЮ» футболчилари ичида рақиб жарима майдонида тўпни қабул қилиш бўйича етакчи кўрсаткичга эга.

- 2017/18 мавсумда у 18 ёшгача бўлган таркибда майдонга тушиб, 17 ўйинда 16 гол урган. Ўшанда Гринвуд 16 ёшда эди. Ўтган йили эса, ёшлар жамоасида 13 ўйинда қатнашиб, 15 гол урди. 

0.00%
Бошқа янгиликлар
Изоҳ

    Сиз авторизациядан ўтмагансиз. Шарҳ қўшиш учун сайтга киринг.