1 февралдан бошлаб «МЮ» 14 ўйинлик мағлубиятсиз серияни ўтказди ва шу орқали «Ливерпуль» ва «Сити»дан кейинги жамоа бўлиб олди.
Гарчи шундай ажойиб онларни ўтказган бўлса-да, жамоада муаммолар йўқ эмас. Уларнинг бири - дарвоза чизиғи. Мухлисларнинг фикрига кўра, Де Хеа олдингидек ишончли эмас ва аста-секин у ўз жойини ёш ва ғайратли Дин Хендерсонга бўшатиб бериши керак. Дин эса «Шеффилд»да нималарга эришаётганини кўрсатди.
Де Хеа энди жамоани қутқармаяпти
Давид «МЮ» афсоналари қаторидан жой олиб бўлган, бироқ ҳали ҳам у Рой Киннинг танқидларидан қутулмаяпти.
Аксинча, Пол Скоулз эса бошқа фикрда: «Де Хеасиз «МЮ» сўнгги 6 йилда топ-10дан ташқарида бўларди». Ҳа, тан олиш керак, Сер Алекс кетганидан кейин жамоанинг энг оғир юки Де Хеага ташланди. Айнан у Сэр Мэтт Басби совринини 4 марта ютди.
Лекин «Юнайтед»нинг энг ашаддий мухлисидан сўрасангиз, ДДХнинг ҳозирги ҳолати бироз хавфли эканлигини айтади. Айрим ўйинларда унга «Ёмонларнинг энг ёмони» деган талқинни беришмоқда. Давид 2018 йилги ЖЧда Криштиану Роналдунинг голидан кейин ўзига кела олмаяпти.
Ундан ташқари, унинг бу ҳолатга келишига «Юнайтед»нинг бошқа ўйинчилари ҳам сабаб. Де Хеа - айни дамда жамоада энг кўп маош оладиган футболчилардан бири. Унинг кўп маош олаётгани ҳам сотув ишларида қийинчиликларни туғдирмоқда. Де Хеа кетиши учун «иштаҳасини бироз сусайтириши» керак ёки Манчестерда юқори амбициялар билан ўйнаши керак.
Хендерсоннинг парвози
Де Хеа ўзини йўқотаётган пайтда параллель равишда Дин Хендерсон пайдо бўлди. Академиядан чиққан болакай эндиликда «МЮ»нинг асосий посбони бўлишга даъвогарлик қилмоқда.
Ёки ҳозир ёки ҳеч қачон. 23 ёшли йигитчанинг режалари испанияликникига қараганда ёрқинроқ кўринмоқда ва энди «Юнайтед» унга яхшиланган шартнома таклиф қилса ҳам бўлади. Хендерсон «Шеффилд»да ижарада юриб, жамоанинг мавсумни ажойиб ўтказишида ва 9-ўринни эгаллашида муҳим ўрин тутди.
Англиялик мухлислар уни келгуси йили бўладиган Евро ўйинларида терманинг асосий посбони бўлишига ишонишмоқда. Аслида ёзда бўлиши керак бўлган турнир орқали у «МЮ» учун керакли инсонлардан бири эканлигини исботлаши керак эди. Хўш, Дин Хендерсонни асосий жамоага жалб қилиб, унга яхши маош тўлаб, асосий таркибни кафолатлаш вақти келдими? Бундай паллада Де Хеани нима қилса бўлади?
Гарчи Дин Хендерсоннинг орзулари улкан бўлса-да, айни дамда у ҳам Де Хеанинг соясида қолиши аниқ. Давид хатолар қилаверса ҳам, жамоанинг асосий посбони бўлиб туради, Дин эса захирага михланади. Албатта, Сульшердан бошқаси ҳам Де Хеанинг тажрибасига таянган бўларди.
«Челси» вазиятни кузатиб бормоқда. Жамоада дарвозабон муаммоси ёрқинроқ кўзга ташланади. Шу сабабли улар Хендерсонга катта маош ва асосий таркибни ваъда қилмоқда. Зиеш ва Вернер каби футболчиларнинг трансферини инобатга олсак, «Челси»нинг олдиндаги режалари катта эканлигини тушуниш мумкин.
Давид кетиши керак
Бошқа томондан олиб қараганда, Хендерсоннинг «МЮ» асосий посбони бўлишига ишониш мумкин. Бунинг учун «МЮ» Де Хеадан бутунлай воз кечиши керак. Унинг захирада ўтиришга норози бўлишини барча билади ва бундай ҳолатда у бирор бир топ-клубнинг таклифини қабул қилиши ҳам мумкин. «Реал» ва «Барселона»да айни дамда дарвозабон борасида муаммо йўқ.
Айни дамда фақатгина «Челси»да дарвозабон муаммоси бор ва Де Хеа ушбу жамоага мос тушиши, олдингидек юқори савияда ўйнай олиши мумкин. Давид энди мавсумни қандай ўтказса ҳам, қайси жамоа таркибига йўл олса ҳам «МЮ»нинг афсонаси бўлиб қолади. Ўтган хатолар эса эсланмайди.
Умуман олганда Вудворд ва Сульшер аввалига ушбу муаммони ҳал қилиши керак. Уларнинг қарорлари бир мавсум давомида ё жамоани пешқадамлар қаторига қайтаради ёки яна кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлади.
Сиз авторизациядан ўтмагансиз. Шарҳ қўшиш учун сайтга киринг.