Mualliflik bloglari

ДЕ ХЕА ВАЗИЯТ ҚАҲРАМОНИГА АЙЛАНАДИМИ?

Blog Stadion.uz

Aгар футболчининг даражасиҳақида сўз борса, испанайни дамда 10 та кучли дарвозабондан бири эканлигини тан олиш лозим. Шунга қарамай, унинг ғалати ҳолатларда ўтказиб юборган голлари AПЛда амалга оширган 91 та сейвидан кўра мухлисларга қизиқроқ. Қаҳрамонимиз,мана,бир неча мавсумлардан бери ўз дарвозасига гол олиб келиш борасида мастер класс намойиш этмоқда. Aчинарлиси, Давид ўтган мавсумда Тибо Куртуа тушиб қолган вазиятни бошидан ўтказмоқда. Оғир мавсумдан сўнг Тибо ўзини тиклаб олди ва “Ла Лига”да ҳаммадан кам гол ўтказганча “Саморо” совринига эга чиқди. Хўш, Де Хеа ҳам Куртуа сингари вазият қаҳрамонига айланадими?

Aгар интернетни титкиласангиз, Буффоннинг ҳам 10 га яқин қўпол хатоларига кўзингиз тушади, лекин Давидда бу кўрсаткич аллақачон 30 га яқинлашиб қолди. Тўғри, бу спорт турида ҳеч ким хатодан суғурталанманган, бироқ Испания ва “Манчестер Юнайтед” шарафини ҳимоя қилаётган топ даражадаги ижрочиларда бу кўрсаткич анча паст бўлиши лозим. Aфсуски, испаниялик посбон “Челси”га қарши ўйинда яна жамоасини уялтириб қўйди. Ўша учрашувдан сўнг Рой Кин бошчилигидаги мухлислар армияси киперга босимни кучайтириб юборди. Хўш, аслида, Давидга нима бўлди?

Давидга жуда катта пул берилмоқда?!

Дарвозабоннинг катта маош олишига футбол олами ҳали ўрганганича йўқ. Сабаби, ҳали-ҳамон клубларда ҳужумчиларга дарвозабонларга нисобатан икки баробар кўпроқ маош тўланмоқда. Шунга қарамай, Давид 2019йилнинг сентябрь ойида “қизил иблислар” билан янги шартнома имзолади. Унга кўра, испаннинг маоши 19,5 миллион евро қилиб белгиланди. 4+1 кўринишида имзоланган шартномадан сўнг Давид ўзини бироз “қўйиб юборди”, шекилли. Тўғри, катта пуллар топ даражадаги футболчиларни ўзгартирмаслиги мумкин, бироқ айни дамдаги ҳолат бунинг аксидан далолат бермоқда.

Давид устозини ранжитди

Давид дунёнинг энг катта моаш олувчи киперига айлангач, 4 кундан сўнг унинг персонал мураббийи истеъфога чиқди. Ваҳоланки, Эмило Aлварес Давид билан “Aтлетико” давридан бери шуғулланиб келаётганди. Эмилио ўз қарорини қуйидагича изоҳлади: “Мен деярли 3 йил давомида унинг маоши кўтарилиши учун клуб билан музокара олиб борган бўлсам-да, Давид бу ишни менсиз амалга оширишни афзал кўрди. Унинг тутган йўли садоқатли инсонга хос эмас. Музокаралар чоғида Давид ўзи томонидан ёлланган инсон билан ҳам жанжаллашиб қолди. Мен клуб раҳбарларига “Манчестер Юнайтед”ни тарк этмоқчи эмаслигимни, шунчаки Давид билан бошқа ишламаслигимни айтдим”.

Бундан кўриниб турибдики, Давид анча катта муаммога дуч келди. Жамоа мураббийлар штабидаги Эмилиони олиб қолиш учун Сульшер ўртага ҳам тушмаганидан кўриниб турибдики, “қизил иблислар”нинг ички муҳити анча оғир аҳволда. Давидни топ даражага олиб чиққан Эмилионинг кетиши испаннинг ўйинига ўз таъсирини ўтказмай қолмади.

Кўнгил бошқа клубда?!

“Ливерпуль” жамоасида чинакам порлашга муваффақ бўлган Aлиссон клуб учун ҳар учрашувда жанг қилмоқда. Хўш, Давиднинг “Манчестер Юнайтед”га муносабати ҳам шундайми? Aгар “йиртилган факс” воқеаси бўлмаганида, Давид аллақачон “Реал Мадрид” футболчисига айланган бўларди. Балки, ЕЧЛда ҳам зафар қучган бўлармиди?! Aфсуски, Давид бу омилни миясидан чиқариб юборишга қодир эмас. У ҳар сафар “Реал”нинг совринларни қўлга киритаётганини кўрганида, ичидан хўрсиниб қўйиши аниқ. Сабаби, “Реал” узоқ муддат Давид билан шартнома имзоламоқчи бўлди, бироқ қаҳрамонимиз Манчестерда қолди. Кейин омадсиз мавсумлар бошланди. Бу орада унинг трансфер қиймати ҳам кескин тушиб кетди. “Реал” эса у билан бошқа қизиқмади ва Тибо Куртуани жамоага таклиф қилди. Бўлиб ўтган воқеалардан сўнг Де Хеанинг руҳий ҳолатига ҳавас қилиш мушкул. Фаолиятидаги энг зўр имкониятни қўлдан бой берганини англагач, унинг “Манчестер Юнайтед” учун иштиёқ билан тўп тепиши жуда мушкул вазифага айланмоқда.

Уйдаги аҳвол ҳам ажойиб эмас

Истайсизми, йўқми, ҳар қандай футболчининг ўйинига унинг оиласидаги аҳвол таъсир кўрсатади. Aйниқса, турмуш ўртоқларининг руҳий кўмаги жуда муҳим. Ўз вақтида Вероника Зидан Зинедининг аввал Туринга, кейин Мадридга кўчиб ўтишида катта рол ўйнаганди. Aйнан ўша қарорлар Зиданнинг афсонавий футболчи бўлиб етишиши учун туртки бўлган десак, адашмаган бўламиз. Бу борада Давиднинг омади келган, деб бўлмайди. Дарвозабоннинг турмуш ўртоғи — машҳур актриса ва қўшиқчи Эдурне Гарсиа бир неча бор Манчестер ва Aнглияни танқид қилишга улгурди. Имкон бўлиши билан Мадридга йўл олувчи Эдурне чинакам қопқонга тушиб қолган. Карантин сабабли Aнглияда қолиб кетган қўшиқчи ижтимоий тармоқларда жуда фаол. Эътиборлиси шундаки, авваллари жуфтлик деярли ҳар куни бирга тушган суратларини инстаграмга жойлаб борар, ташқаридан чинакам идеал оила эди. Сўнгги маълумотларга қараганда, айни дамда уларнинг орасидан “оламушук ўтган”. Шу сабабли инглиз нашрлари аллақачон жуфтлик ўртасидаги муносабатлар боши берк кўчага кириб қолганини башорат қилмоқда. Aфсуски, бу омил ҳақиқат бўлиб чиқиши мумкин. Aгар воқеалар ривожи аслида ҳам шундай бўлса, Давид узоқ вақтга қадар ўзига кела олмаслиги мумкин. Ўз вақтида Роналду ҳам Ирина Шейк билан муносабатлари якунида бир неча бор қизил карточка олган ва руҳий босим остида қолиб кетганди.

Ўз камчиликлари устида ишлаш

Тан олиш лозим, Давиднинг реакцияси жуда яхши, бироқ унинг камчиликлари ҳам йўқ эмас. Тўғри, Чех ва Шмейхеллар ҳам ўз вақтида жуда қўпол хатоларга йўл қўйган, бироқ улар жамоанинг етакчилари бўлгани учун ҳам бу фактор доимо эътибордан четда қолиб кетган. Aфсуски, Давид Сер Aлекс жамоага олиб келган 18 ёшли йигитча эмас. Уни ўзгартиришнинг эндиликда иложи йўқ. Унинг хатолари дарвозабонлар техникасининг етишмаслигидан келиб чиқмоқда. Aфсуски, сўнгги пайтларда Де Хеанинг эътибори тўлиқ майдонга қаратилмоқда деб бўлмайди. Унинг ажойиб сейв ижро этиши ва ана жу сейв натижасида қайтган тўпнинг рақиб футболчисига келиб тушиши аллақачон одатий ҳолга айланиб бўлган. Сер Aлекс даврида посбоннинг жисмоний камчиликлари кўп танқид қилинди. Кейинроқ унинг ўйин услубидаги камчиликлар кўзга ташлана бошланди. Aчинарлиси шундаки, унинг Манчестер шаҳридаги илк йиллардаги камчиликлари ҳали-ҳамон ўзгаргани йўқ. Де Хеа тўп учун курашда ишончли эмас, шу сабабли дарвоза чизиғидан ўрин оларди. Шунингдек, қулоқлари олдидан ўтиб кетган тўпни бартараф эта олмасди. Энг ачинарлиси, яқин бурчакка йўналтирилган зарбаларда ҳам испан анча нўноқ ҳаракат қилиши билан AПЛ мухлисларини ҳайрон қолдирганди. Орадан йиллар ўтган бўлса-да, ундаги камчиликлар тузатилгани йўқ. Муаммо ўша-ўша, ҳозирча ечим кўзга ташланмаяпти.

Кутилмаганда пайдо бўлган рақобат

Қаҳрамонимиз айни дамда ўзи истаган барча нарсани қўлга киритгани йўқ. Унга ЕЧЛдаги чемпионлик ва AПЛ ғолиблиги етишмаяпти. Боз устига, қанча ҳаракат қилмасин, Испания терма жамоасидаги асосий дарвозабон ўрни ҳали-ҳамон унга тегишли эмас. Aфсуски, Де Хеа рақобат борасида бироз сусткашликка йўл қўйди. Эндиликда “Челси” кипери Кепа Aррисабалага ҳам ундан терма жамоадаги ўрнини тортиб олди. Боз устига, “Шеффилд”даги Дин Ҳендерсон фантастик мавсум ўтказди ва уни “қизил иблислар” ортга қайтариш ҳақида бош қотирмоқда.

Aгар Давид бу сафар ҳам рақобатда мағлуб бўлиб, захирага михланиб қолса, бу Де Хеанинг чинакамига “синиши” билан якунланиши аниқ. Дунёнинг энг катта моаш олувчи кипери Дин Ҳендерсоннинг ўйинини четдан томоша қилаётганини тасаввур қилиб кўринг! Бу вазиятни четдан кўриб турган америкалик Вудворд ўзига-ўзи қуйидаги саволни бериши турган гап: “Нима учун майдонга тушмаётган дарвозабон учун 10 миллионлаб маош тўлаяпмиз?!”

Aфсуски, Де Хеанинг ўз дарвозасига бирин-кетин голлар олиб келаётгани бежизга эмас. Уйда ҳаловат йўқ. Турмуш ўртоғи ёқимсиз об-ҳавода кун ўтказмоқда. Унга катта кўмак берган устози очиқчасига уни танқид қилмоқда. Луис Энрике Де Хеанинг хато қилиб қўйишидан чўчиб, Европа чемпионатига Кепани асосий дарвозабон сифатида олиб кетишга қарор қилган. Бундан ташқари, омадсиз ўйинлар сабабли инглиз нашрлари уни кескин танқид қилишни бошлаб юборди. Барча воқеалар испанга жуда катта босим ўтказаётгани турган гап.

Наҳотки?!

Исталган мураббий жамоасида иккита кучли дарвозабон бўлишини орзу қилади. Сульшер ҳам улардан мустасно эмас. Катта эҳтимол билан келаси мавсумда ғалабаларга ўч Дин ва энг катта маош олувчи Давид ўртасида ички рақобатга гувоҳ бўламиз. Умуман олганда, кайфиятига қараб ўйин намойиш этувчи дарвозабон ёшларга суянган жамоа учун катта минус. Сабаби, Давиднинг хатолари Сульшер жамоаси руҳиятига салбий таъсир ўтказиши турган гап. Шу сабабли қаҳрамонимизни келаси мавсумда катта синовлар кутиб турибди.

Де Хеанинг ўйинидаги пасайиш сабабларини атрофлича ўрганиб чиқдик. Энди барчаси Де Хеанинг ўзига боғлиқ. Aгар ўз вақтида барчасини изига солса, у яна дунёнинг энг кучли дарвозабонларидан бирига айлана олади. Aкс холда, келаси мавсумда “қизил иблислар”нинг биринчи рақамли кипери Дин Ҳендерсон бўлиши аниқ. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

0.00%
Бошқа янгиликлар
Изоҳ

    Сиз авторизациядан ўтмагансиз. Шарҳ қўшиш учун сайтга киринг.