Mualliflik bloglari

«СОЛФОРД СИТИ» САДОСИ

Blog InterFutbol

Беш йил аввал 1992 йили «Манчестер Юнайтед» академиясидан чиқиб, супержамоа ўзагини ташкил этган олти футболчи ҳақида «Класс 92» номли 98 дақиқалик фильм экранлар юзини кўрганди. Булар - Дэвид Бекхэм, Райан Гиггз, Пол Скоулз, Никки Батт ҳамда ака-ука Невиллар. Улар узоқ йиллик қадрдонлар, ҳар бири «МЮ» афсонаси бўлишга лойиқ. Гиггз, Скоулз ва Гари Невиллнинг бутун фаолияти «қизил иблислар» сафида ўтган бўлса, Бекхэм, Батт ҳамда Фил «Юнайтед»да жами мингдан ортиқ ўйин ўтказишган.

Уларни ўзаро боғлаб турадиган алоқалар фақатгина академия ва «МЮ»даги муваффақиятлар билан чекланиб қолмайди. Ҳаттоки, бутсаларини михга илганидан кейин ҳам бу олтилик умумий иш бўйича ҳам ҳамкорлик ўрнатишган. 2014 йилнинг баҳорида Бекхэмдан ташқари барча Англиянинг саккизинчи дивизиони иштирокчиси - «Солфорд Сити» клубини сотиб олишди. «Бекс бу пайт банд эди, МЛСда жамоа харид қилишни ўйлаётганди. Шу боис ҳамкорликка қўшилмади ва уни тўғри тушундик», - Гиггз шундай дея мазкур клуб кейинги 15 йил ичида Чемпионшипга чиқиш даражасига етиши лозимлигини қўшимча қилганди. Орадан ярим йил ўтиб, хўжайинлар акцияларнинг ярмини «Валенсия» раҳбари Питер Лимга сотишди. Бекхэм эса ўз улушини 2019 йилга келибгина сотиб олди, энди ҳаммаси аён: Лимда 40 фоиз акция, «МЮ» афсоналарининг ҳар бирида 10 фоиздан.

Бешовлон пул тикканда жамоа саккизинчи дивизионда қатнашаётганди, ҳамкорликка Бекс қўшилган пайтда эса клуб бешинчи лигага чиқиб улгурганди. Беш йил ичида «Солфорд» фақат ўсишга эришди: дастлаб 7-лигага чиқди, сўнгра олтинчига, кейин эса 5-дивизион йўлланмасини қўлга киритишига бир баҳя қолди («плей-офф»да ютқазди), лекин ўтган йилнинг ёзида ушбу мақсад ҳам амалга ошди. Айни пайт «Солфорд» Англиянинг ҳисоб бўйича бешинчи лигасида қатнашмоқда, яъни Д-4га (расман айтганда, Лига 2) бир қадам қолди.

Нега айнан «Солфорд»?

Олтиликдан фақат Батт «МЮ»да ишламоқда - у академия раҳбари, бироқ бу клубни сотиб олиш масаласи ҳеч қачон ўртага ташланмаган - бундай лаззат жуда қиммат. Аммо нега яқинроқ ҳудуддаги «Бери» ёки «Олдхэм» эмас, айнан «Солфорд» танланди? Афсоналар учун бу саволга жавоб топиш осонмас. «Ҳа, биз сарфлаган пулларни Д-2 ёки Д-3нинг бирор иштирокчиси акцияларига ажратсак ҳам бўларди, лекин клуб аввалроқ ташкил этилган бўлса...», - дея ўйланиб қолди Невилл. «...улар билан кенг қулоч ёйиш ўхшамай қолиши мумкин, - дея шеригининг гапини бўлди Скоулз. - Янгиликлар киритишга ҳарчанд уринманг, унинг янги клуб эмаслиги сезилиб туради. Бу ерда эса биз йўлнинг энг бошида тургандик».

Солфорд қарийб 100 йил олдин шаҳар мақомини олган, у ерда юз мингга яқин киши яшайди, уни Манчестердан Эруэлл дарёси ажратиб туради. Солфорд тарихда илк бор газли ёритиш тизими ўрнатилган шаҳар сифатида машҳур. Шунингдек, бу ерда жаҳонда илк бор текин жамоат кутубхонаси ташкил этилган. Солфордда Скоулз туғилган, Гиггз яшаган, Гари Невилл дастлабки кўрикдан ўтган.

Даставвал собиқ футболчилар футбол мактаби очиш ҳақида ўйлашганди. Лондон-Манчестер йўналиши бўйлаб ҳаракатланган поезддаги суҳбат ҳал қилувчи аҳамият касб этди: улар келажакларини муҳокама қилиб, кўпчиликка таниш бўлмаган, ярим ҳаваскорлар тоифасидаги, элитадан анча йироқ кичик клуб борлигини эслаб қолишди. Оғайнилар клуб раҳбарияти билан тезда келишиб олишди-да, жиддий ребрендингни амалга ошириб, ранг ва эмблемани ўзгартиришди. Бундан ташқари, стадионни реконструкция қилишгач, иншоот сиғими 2000дан 5000га оширилди. Режага кўра, охир-оқибат «Солфорд» ўйинлари 25 минг мухлисга мўлжалланган аренада ўтказилади. Бироқ ҳозирча бу шунчаки гап-сўзлар, холос.

Қизиқ воқеалар 

  • Ўтган йилнинг кузида хабар тарқалди: «Солфорд» сафарда «Ребридж»га қарши ўйин ўтказаётган паллада жамоа базасидаги трактор ўғирлаб кетилган. Гари Невилл мазкур хабарни ижтимоий тармоқ орқали тасдиқлаганда, обуначилар ўғриликда Невиллнинг машҳур телешоудаги бошловчи-шериги Жейми Каррагерни айблашганди.
  • «Абердин»дан тахминан 300 минг фунт эвазига фамилияси Руни бўлган футболчи сотиб олгач, «Солфорд»ни «Қуйи дивизионлар «Манчестер Сити»си» деб атай бошлашди. Қуйи лигалар учун бу катта сумма, шу боис бундай харажат «Аккрингтон» клуби раҳбарини ранжитганини тўғри тушуниш мумкин. «Танқидни хушомад сифатида қабул қиламан, - дейди Гари жилмайганча. - Агар уни танқид деб билганимда, ҳозир бу ерда бўлмасдим. «Манчестер Сити»? Ҳурматни сақлаган ҳолда айтаманки, катта пулларни сарфламай туриб «Челси» ҳам, «Сити» ҳам АПЛда ғолиб чиқолмасдилар».
  • «Манчестер Сити» билан боғлиқ яна бир воқеа. Октябрда «шаҳарликлар» кичик лигалардаги клубларни қўллаб-қувватлаш мақсадида (бунинг учун у ерда махсус бир кун ажратилади) «твит» ёзишаркан, 13та қизиқарли қарама-қаршиликларни тилга олишди ва «МЮ» орқали таниш азалий рақобатчилар раҳбарлик қилаётган «Солфорд»ни назардан четда қолдиришди. «Солфорд» ўзи бу рўйхатга кириб олди, Гари Невилл эса ҳазил аралаш «твит» ёзди.
  • Клуб президенти - «Ливерпуль» фанати. Карен Бэйрд манчестерлик бешовлон ташрифидан аввал ҳам шу ерда ишларди, ҳозир муваффақиятли раҳбар. Мухлислик қиладиган клуби ҳақида гап борганда эса шундай дейди: «Жамоамизни Робби Фаулер («Ливерпуль» афсонаси) сотиб олганда яхшироқ бўларди». Ҳазиллашяптими? Бу фикрга ҳамма ҳам қўшилмайди.
  • Ҳар ой манкунианлик бешовлон бир ярим соатли учрашув ташкиллаб, эски футбол кийиниш хонасидаги каби муҳитда клуб ишларини муҳокама қилишади. ESPN мухбири «Солфорд»га бағишланган мақоласида барчаси қандай кечганини батафсил ёритганди: «Скоулз тирбандликлар сабаб кеч қолди, Гари ундан сўнгги ҳисоботни ўқиган-ўқимаганлигини сўраганда, Пол елка қисганча кўзини олиб қочди. «Мана, ҳаммасини режалаштиргунимча, Фил билан беш дақиқа гаплашдинглар, - дея шеригини койиди Гари. - Ҳамиша шунақа қиласан, бир четда нималарнидир гапириб, бизни эшитмайсан, ишга қизиқмайсан». Скоулз дарҳол жавоб қайтаради: «Бундай учрашувларда ҳеч нарса ҳал бўлмайди. Аниқлаганимиз шуки, жамоага учинчи марказий форвард керак. Шунинг учун бир соат сарфладик. Буни менга оддий хабар тарзида жўнатсанг ҳам бўларди!». «Ҳа, менимча, бу ажойиб учрашув эди», - дейди Гари табассум билан. Умуман, йигитлар гўёки ҳамон футболчилик фаолиятини якунламагандек таассурот уйғотишади.

Қандай мақсад кўзланмоқда?

Уч марта дивизионларда юқорилаш сабабли томошабинлар ташрифи 300дан 2500 кишигача етди. «Бизнинг тўрт йиллик бизнес-режамизда бу борада 750 рақами қайд этилганди», - дея вазиятга ойдинлик киритди Гари Невилл. Чипталар қиммат эмас - катталар учун 10 фунт, болалар ва қариялар учун 5 фунт. Бундан ташқари, «Солфорд»нинг аёллар жамоаси ҳам бор. «Балки кулгингиз қистар, аммо ўзим учун «Борнмут»ни намуна сифатида олганман, - дейди Скоулз. - Аввалига футбол лигаси (айни пайт «Солфорд» кураш олиб бораётган Лига 2)га чиқиш мақсад қилинганди. Аммо ниятингиз амалга ошгач, бошқа ҳеч нарса қилиб бўлмайди, деб тўхтаб қолмайсиз-ку!». Скоулзнинг «Борнмут»дан гап очгани бежиз эмас - айнан шу клуб 10 йил аввал ҳозирги мураббийи Эдди Хау билан Д-4дан тушиб кетиш хавфи остида қолганди. Ҳозир эса АПЛ топ-ўнлигида бормоқда.

«Лига 2га чиқсак, томошабинлар ташрифи 3000-3500гача ошади, Лига 1да 5000дан кам бўлмайди, Чемпионшипда эса умуман, мухлислар сони қарийб 10000га яқинлашади. Тўғри, бунгача ҳали анча бор, лекин қаранг, сўнгги тўрт йилда қандай натижаларга эришдик, қаерда эдиг-у, қаерга келдик», - дея фахрланиб гапирди Гари.

Д-5дан юқори лигага фақат бир жамоа тўғридан-тўғри йўлланма олади, яна олти жамоа иккинчи чипта учун курашади - ҳаммасини «плей-офф» ўйинлари ҳал қилади. 31та турдан сўнг ҳозирча иккинчи ўринда бораётган «Солфорд» пешқадамдан уч очко орқада. «Болакайларнинг «Солфорд» либосларида ташриф буюришаётганидан хурсандман. Авваллари бу ердагилар фақат «Юнайтед» футболкаларини кийиб юришарди, - дейди Скоулз. «Баъзан ярим тунда уйғониб, клуб ҳақида ўйлайман, фикр юритаман, турли ғоялар келади миямга», - дейди катта Невилл. Ақлли ва муваффақиятли йигитлардаги завқ-шавққа ҳавас қилса арзийди. Эҳтимол, беш-олти йилдан сўнг жаҳон футболида яна бир қизиқарли тарихга эга клуб машҳурликка эришар?! Умуман, у ҳозир ҳам кўпчиликка ёқмоқда.

Хўжа АБДУЛАҲАД тайёрлади.

0.00%
Boshqa yangiliklar
Mulohozalar

    Вы должны авторизоваться, чтобы оставлять комментарии.