Mualliflik bloglari

ОЛЕ: КЭРРИКНИ ҚАЙТАРМОҚЧИ ЭДИМ ФАҚАТ...

Blog InterFutbol.uz

Мураббийлик соҳасида худди яшил майдондаги каби самарали фаолият юритаётган норвегиялик ёш мутахассис Оле-Гуннар Сульшер бугун ОАВнинг диққат марказида турибди. «МЮ»ни қисқа вақт ичида равон йўлга олиб чиқишни уддалаган мураббий жумладан, ўз ватандошлари илтимосларини рад этолмади ва уларнинг муғомбирларга хос, лекин самимий саволларига атрофлича жавоб қайтарди.

«МЮ» раҳбарияти Оле-Гуннар Сульшерни жамоада олиб қолмоқчи. Mirror нашрининг хабар беришича, Англия клуби Сульшерга йилига 8,7 миллион евро миқдорида маош белгиламоқчи. Бу собиқ бош мураббий Жозе Моуриньога берилган маошдан икки баравар камдир. 46 ёшли норвегиялик 2018 йилнинг декабрида айнан Моуриньо ўрнини эгаллаб, жамоани омадсизлик ботқоғидан олиб чиқишни уддалаганини алоҳида айтиш жоиз. 

- Манчестерда ҳанузгача меҳмонхонада яшаётганингиз ростми?

- Йўқ, 3-4 ҳафта олдин клуб алоҳида хонадон ажратди.

- Қизиқ, «ПСЖ»га қарши жавоб учрашувидан олдин қандай юмушлар билан шуғулландингиз?

- Оилам аъзоларини аэропортга олиб бориб, кузатиб қўйдим - таътил тугади, болалар мактабга боришлари керак. Иш жойига эса одатда соат 7:30-7:45 оралиғида бораман, жамоа ходимлари билан бирга нонушта қилишга ўрганиб қолдим.

- Хўш, кимлар ишга шунчалик барвақт боришади?

- Мураббийлар штаби аъзолари. Биз қувват тўплаш учун жам бўламиз. Тўғри, шошилишни хуш кўрмайдиган Мик Фелан баъзан кечикади. Шунингдек, дарвозабонлар устози ҳам. Аммо Кэррик ва Киран Маккенна доимо ҳозиру-нозир.

- Дарвозалар очиқ бўладими ёки ўзингиз очасиз?

- Йўқ, мени ичкарида кутиб олишади, кафетерий барвақт иш бошлайди. Қолаверса, кириш учун калитга ҳожат йўқ - бармоқ излари сканер қилинган.

- Нонуштадан кейинги биринчи иш нима?

- Барча мураббийлар ва тиббий ходимлар билан ўйинчилар саломатлиги ва машғулотлар режасини муҳокама қиламан. Зарурат туғилса, кун тартибига тегишли ўзгартиришлар киритамиз. Масалан, «ПСЖ»га қарши жавоб учрашувига пухта ҳозирлик кўриш учун 10 нафар мутахассисимиз рақибни чуқур ўрганди. Биз эса шу таҳлил хулосаларидан келиб чиққан ҳолда, зарур чораларни кўрдик (мана, муваффақиятнинг калити қаерда!) Дейлик, 10 нафар футболчининг жароҳатланганини назарда тутиб, муайян таркиб шакллантиришга мажбур бўлдик. Ўйлашимча, танловим чакки эмас - ЧЛ талабига дош берадиган ўйинчилардан 4-3-3 тактик чизмаси асосида ўйнайдиган яхшигина таркиб юзага келди.

- Алоҳида учрашувга тайёргарлик кўриш жараёни қандай ташкил этилади? Хусусан, сиз кўпроқ офисда ўтирасизми ёки...?

- Идорамиз анча катта. Бироқ кўпинча ёрдамчиларим билан аналитик таҳлилчилар хонаси ёнида тўпланамиз. Қайтараман, таҳлилчиларимиз бир неча ҳафта давомида «ПСЖ»ни кузатиб боришди. Мутахассисларни шундай тақсимлаймизки, битта жамоани ўрганаётганлар ва иккинчи рақиб билан шуғулланаётганлар алоҳида-алоҳида хонада ўтирадилар. Қисқаси, ажойиб таҳлилчилар жамоасига эгамиз. Бу гуруҳ рақиб ўйинларини бевосита стадионда ёки видеоёзув орқали ўрганиб, зарур маълумотлар тўплайди, қандайдир қонуниятлар кашф этади.

- Топилмаларнинг қанча қисми футболчиларга кўрсатилади?

- Олинган барча маълумотларни умумлаштириб, асосий мағзини футболчиларга етказамиз, одатда видеороликлар 6-7 дақиқага чўзилади. Кейин интерфаол  доскадан ҳам фойдаланамиз.

- Тактик машғулотларни қайсидир футболчи ўтказиб юбориши мумкинми?

- Ҳа, дейлик, майдонга тушмайдиган ўйинчилар. Уларга муайян ўйинга дахлдор икир-чикирларнинг кераги йўқ. Дарвоқе, ўринбосарлар жамоасини бошқарганимда, бундай мажлисларда қатнашиш учун  «босс»дан ўзим изн сўраганман. Чунки бунинг фойдаси жуда катта.

- Тактик ишланмаларда дарвозабон катта роль ўйнамайди. Хўш, Давид де Хеа муҳокамаларда нечоғли кўп қатнашади?

- Ўта муҳим ўйинлар арафасида, мисол учун, «ПСЖ»ни муҳокама қилаётган бўлсак, иштирок этиши шарт. Чунончи, бунда ҳар бир позицияга эътибор қаратилади. Аниқроқ айтганда, умумий йиғилишдан кейин майдонга тушадиган ҳужумчилар, ярим ҳимоячилар ва ҳимоячилар билан алоҳида гаплашиб чиқамиз. Де Хеа эса ҳимоячилар сафида бўлади.

- Мураббийлар ўртасида ўзаро тортишиш ҳолатлари ҳам кузатиладими?

- Йўқ, ўйин масаласида қарашларимиз бир хил. Баъзан муҳокама жараёни чўзилиб кетиши мумкин. Муҳими, якунда бир тўхтамга келамиз, барибир. Умуман, асосан, услуб бўйича кенгашамиз.

- Баъзида ўртага кутилмаган таклиф ташлашингиз мумкинми?

- Очиғи, 1-2 марта касбдошларимни мунозарага тортиш мақсадида шундай йўл тутдим, аммо улар жиддий гапирмаётганимни дарҳол пайқашди.

- «МЮ»дан 2011 йилнинг январида кетган эдингиз. Кейин алоқалар бутунлай узилган пайт кутилмаганда, таклифни олдингиз, тўғрими?

- Деярли шундай. Тўғрироғи, клуб билан хайрлашганимдан кейин бир бора «Мольде» элчиси сифатида Каррингтон («МЮ» базаси)да бўлиб, мавсумолди йиғинини кузатгандим. Лекин ўшанда ҳеч ким билан бафуржа гаплашмаганман - бундай кишининг ўзи йўқ эди.

- Демак, таклифдан лол қолгансиз...

- Ҳа. Кузда оилам билан «Олд Траффорд»га сайр учун боргандим, кейин октябрда «МЮ»нинг «Ювентус» ва ноябрда «Янг Бойз»га қарши ўйинларини томоша қилдим.

- Шогирдларингиз сизга қай йўсинда мурожаат қилишяпти? Майк Фелан-чи?

- Ўйинчилар учун «босс»ман, Майк учун эса оддийгина - «Оле». Ҳар ҳолда, бирга ишлаган, ёнма-ён тўп сурган дўстларнинг ўзаро муомалари ўзгариб қолиши - ғалати. Тўғри, «МЮ»да бир киши, яъни сэр Алекс ҳақиқий «босс».

- У муҳташам офисни ҳам сизга қолдиргандир...

- Менгача бир неча мураббийлар келиб-кетишди. Бу вақтда офис ҳам ўзгариб кетди. У ҳозир замонавий кўринишда.

- Жозе Моуриньо сизга қолдирган ёки қолдиришни унутган бирор нарса борми?

- Йўқ. Офисда «МЮ» тарихига оид бир нечта китоб бор. Аммо уларни клуб ходимлари қўйишган, менимча.

- «Мольде»нинг ишларига ҳам қизиқиб турибсизми?

- Мунтазам алоқадамиз, лекин клубдагилар менсиз ҳам барчасини рисоладагидек уддалашмоқда. Дарвоқе, смартфон мосламаси орқали «Мольде»нинг барча машғулотларини кузатиш имкониятига эгаман.

- Ҳозирги ёшлар катта босим остида ўйнашга мажбурлар - бу фикрга қўшиласизми?

- Чиндан ҳам, шундай. Лекин 14 ёшли ўсмирнинг тенгдошларидан маҳоратлироқ эмаслиги ундан савияли футболчи чиқмаслигини англатмайди.

- Академия тарбияланувчилари билан ишлашни хуш кўрасиз, чоғи.

- Албатта. Қаранг, жамоа голларидан чамаси 62 фоизи тарбияланувчилар ҳиссасига тўғри келмоқда.

- Ўринбосарлар ўйинларини ҳам кузатяпсизми?

- Шахсан ўзим вақт ажратолмаяпман. Лекин ёрдамчиларим доимий тарзда кузатишади. Мана, шу кузатувлар самараси ўлароқ, Жимми Гарнер ва Анхель Гомес катта жамоада дебют қилишди, Мэйсон Гринвуд ва Тахит Чонгни ҳам ёрқин келажак кутмоқда.

- Клубдаги келажагингиз хусусида аниқ гап айтолмаслигингиз тайин. Лекин қачондир узоқ муддатли шартнома тузиш борасида нима дея оласиз?

- Мавсум охирига қадар шу ерда қолишимни биламан. Табиийки, «МЮ»нинг мувафффақияти учун бор имкониятларимни ишга соламан. Кўрамиз, бундан нима чиқаркин...?

- Ўзи бу масалада ким биландир мулоқот қиляпсизми?

- Ҳозирда амалга ошираётган юмушлар ҳақида Эд Вудворд хабар бериб турибди. У билан яхши муносабатдамиз, ҳар куни кўришамиз.

- Вудворд сиз билан қай тариқа боғланган эди?

- SMS воситасида. Одатда нотаниш рақам қўнғироғига жавоб қайтармайман.

- Таклиф тушганини аввало, кимга айтдингиз?

- Турмуш ўртоғимга. Ўша паллада Майк Фелан билан боғланиш иложи бўлмади. У кун давомида чамаси 150та SMS-хабарни очмаган экан. Жумладан, сэр Алекснинг мен билан боғланиш ҳақидаги хабарини ҳам.

- Демак, сэр Ферги нафақат энг яхши мураббий, балки энг яхши маслакдош ҳам экан-да...

- Ҳа, унинг таниш-билишлари жуда кўп, асосийси, қимматли вақтини улардан аямайди. Дейлик, Скотт Паркер «Фулхэм»да иш бошлаганида, унга тегишли маслаҳатларни узун SMS шаклида жўнатганди. Сэр Алекснинг маслаҳати - бебаҳо!

- Ҳозир улкан босим остида юргандек бўлмаяпмизми?

- Йўқ. Уйқу жойида, доимо хотиржамман. Гарчи тўшакда турли схемалар миямда чарх урсада, мириқиб ухлашни ўрнига қўймоқдаман.

- Балки вақтинча бош мураббий мақоми босимни йўққа чиқаргандир...

- Албатта, бу омил ҳам йўқ эмас. Ёзгача жамоага масъулман, ўз вазифамни имкон қадар сифатли уддаласам, бас.

- Шартномангизда қандайдир тақиқловчи бандлар ҳам мавжудми? Дейлик, парашютда сакраш...

- Йўқ, очиғи, келишув билан дурустроқ танишганим ҳам йўқ.

- Агар жамоа футболчи билан шартнома муддатини узайтирмасликка қарор қилса, буни унга ким етказади?

- Мураббий. Бу табиий ҳол, чунки ўйинчилар билан айнан у бевосита алоқада бўлиб туради.  

- Қайсидир футболчининг хатоси туфайли жамоа гол қўйиб юборса  ва мағлубиятга учраса, буни қандай қабул қиласиз?

- Агар тажрибали футболчи хатога йўл қўйса, жаҳлимни жиловламайман, боплаб таъзирини бераман. Ёш ўйинчи айбидан эса 1-2 марта кўз юмаман.

- Умуман, «МЮ» мураббийлар штабидан кимлар жой олишган?

- Мик, Киран Маккенна, Кэррик, Марк Дэмпси ва Эмилио.

- Эмилио -  дарвозабонлар устози. Қолганлар-чи?

- Киран ва Майкл машғулотларга жавоб беришади, Дэмпси муайян вазифалар билан шуғулланади. Сэр Алекснинг менга берган илк маслаҳати: «Четга чиқиб, жараённи хотиржам кузат». Чунки мураббий машғулотларга тушса, хато-камчиликларни кўрмай қолиши мумкин.

- «МЮ» билан 8 йил аввал хайрлашган эдингиз. Шу вақт ичида нималар ўзгарибди?

- Машғулотлар инфратузилмаси, футболнинг ўзи ҳам. Яна техника бошқа...

- Пол Скоулзнинг қайтиши АПЛ тарихига алоҳида воқеа сифатида муҳрланди. Қизиғи, бу ҳақда ҳеч ким билмасди. Ҳаммаси қандай рўй берганди?

- Жуда ажойиб. «Босс» шунчаки, ўйинчилар кайфиятини кўтариш мақсадида «сюрприз» тайёрлаганди. Бир куни кийиниш хонасида Скоулз футболкаси пайдо бўлди. Шунда ҳаммамиз уни олқишлар остида кутиб олдик. Дарвоқе, яқинда жароҳатлар кўпайиб кетгач, мен Кэррикка юзландим: «Майкл, балки сен ҳам уриниб кўрарсан?» Шунда у машғулотларда шуғуллана бошлади ва рисоладагидек савияга эгалигини кўрсатди. Бироқ якунда Жимми Гарнерга ишонч билдиришни лозим топдик.

- Демак, Кэррикни қайтариш ғояси уйдирма эмас?

- Албатта, аввалига анча вақтгача ҳазиллашиб юрдик: «Майкл, «Янги Скоулз» ролига нима дейсан?» Кейин у машқларга киришди. Менимча, Кэррик 1-2та ўйинни талаб даражасида ўтказишга қодир.

С.РАҲМОНОВ.

 

0.00%
Бошқа янгиликлар
Изоҳ

    Сиз авторизациядан ўтмагансиз. Шарҳ қўшиш учун сайтга киринг.