Mualliflik bloglari

«АПЛ»НИНГ ҚИТЪАДАГИ БЕНЕФИСИ ҲАҚИДА

Blog Tribuna.uz

Европа Чемпионлар Лигаси чорак финалида инглизларнинг 4 клуби йўл олгани АПЛда охирги йилларда ўсиш кузатилаётгани ҳақидаги гапларни амалда ҳам тасдиқлади. Охирги марта 2008/09 йилги мавсумда 4та инглиз клуби Чемпионлар Лигаси чорак финалига чиққанди. Ўшанда АПЛ жамоаларининг учтаси ярим финалга ҳам чиқишган. Лекин «Челси», «МЮ» ва «Арсенал» орасига тушиб қолган «Барселона» кубокни илиб кетганди.

Шундан кейин инглиз клубларининг еврокубокларда ишлари юришмай қолди. 2018/19 йилги мавсумда ЕЧЛда иштирокини бошлаган барча инглиз клублари чорак финалга чиқишлари АПЛ нафақат ақлбовар қилмас трансляция шартномалари билан, балки натижалари билан ҳам қитъа футболи етакчиси эканлигини исботламоқда. АПЛ клублари Премьер-Лига ўйинларини Чемпионлар Лигасидан муҳимроқ деб топган вақтлар ҳам бўлган. Лекин ҳозир бундай эмас. Буни «Тоттенҳэм»нинг бор кучини ЕЧЛга бераётганидан ҳам билсак бўлади. Хўш, Англия клублари Чемпионлар Лигасида ниманинг ҳисобига бунчалик муваффақият қозонишмоқда?

«Тоттенҳэм»

«Тоттенҳэм» инглиз клублари орасида Чемпионлар Лигасидаги «энг янгилар»дан. Маурисио Почеттино мураббийлигида янги босқичга кўтарилган «Тоттенҳэм» олдинги йиллари Чемпионлар Лигасига унчалик эътибор бермасди. Шундай вақтлар бўлганки, Почеттино Премьер-Лига ўйини сабаб етакчиларини ЕЧЛ ўйинларига туширмаган. Лекин бу мавсумдан «шпорлар» Европада ҳам ўз сўзларини айтишга жиддий бел боғлаган кўринишади. Бунинг бир нечта сабаблари бор.

«Тоттенҳэм» ЕЧЛнинг жорий мавсумини «В» гуруҳида бошлади ва «Барселона», «Интер», «ПСВ» каби жамоалар билан баҳслашди. Бундай мураккаб гуруҳдан чиққани лондонликларнинг кучини кўрсатади. Жамоа плей-офф йўлланмасини «Барселона»га қарши Каталониядаги ўйинда қўлга киритгани айниқса аҳамиятлидир. 1/8 финалда эса Кейн ва жамоадошлари «Боруссия Д» тўсиғидан осонлик билан ўтишди.

Футбол клубида, айниқса топ даражадаги клубларда асосий инсон, шубҳасиз, бош мураббий. Почеттино «Саутҳэмптон»да муваффақиятли ишлагач, уни «Тоттенҳэм»га таклиф қилишди. Мураббий янги жамоада ўзи хоҳлагандек эркин ишлаши учун аввало клубнинг ва мухлисларнинг ишончини қозониши керак. Почеттино «Тоттенҳэм»ни АПЛнинг доимий тўртликка кирадиган жамоасига айлантирди. Клуб ҳеч қандай соврин ютмаслиги ҳақида Англияда ҳар қанча ҳазил қилишлари мумкин, лекин Почеттино «Тоттенҳэм»ни Англия грандлари қаторига кирита олди. Бу эса мураббийга бўлган ишончни оширди. Ички чемпионатда етакчилар қаторига кирган Почеттино эндиликда янги мақсадлар томон интилмоқда.

Чорак финалдаги «Манчестер Сити» - «Тоттенҳэм» жуфтлигида манчестерликлар устундек кўринмоқда, лекин чемпионатда совриндан деярли умидини узган «Тоттенҳэм» бор эътиборини Чемпионлар Лигасига қаратаётгани лондонликларга устунлик бериши мумкин. «Сити» эса ҳозирда учта мусобақада ғолиблик учун курашмоқда. Ҳозирча Гвардиола шогирдлари барча мусобақаларда яхши одимлашмоқда. Лекин ўтган мавсумда «шаҳарликлар» худди ҳозиргидек, барча совринлар учун курашаётганда айнан Чемпионар Лигасида қоқилишганди. «Сити» ўтган мавсум ЕЧЛни кимга ютқазиб тарк этгани ёдингиздами? Англиянинг бошқа бир вакили «Ливерпуль»га!

«Тоттенҳэм»нинг соврин ютмаслиги, совринлар хонаси «чанг босиб ётгани» ҳақида мемлар борлигини билсангиз керак. «Тоттенҳэм» ўзини топ-клублар қаторига қўшмаётганларга айнан «Сити»ни мағлуб этиб «салом йўллаши» мумкин. Дарвоқе, «Тоттенҳэм» мураббийи аргентиналик экани ҳам жамоанинг халқаро майдонда муваффақиятли қатнашишида кулгили бўлса ҳам, аҳамиятлидек (аслида инглиз клублари қачон англиялик мураббий билан Чемпионлар Лигаси плей-оффида ўйнаганликларини эслаш учун яхшигина бош қотиришга тўғри келади).

Биласиз, инглизлар ўз чемпионатларини барча мусобақадан устун билишади. Буни қайсидир маънода футболдаги оқсуяклик десак бўлар. Ахир биринчи жаҳон чемпионати ташкилотчилари Англияни мусобақага таклиф қилиш учун боришганда, инглизлар ўзларининг ички чемпионатлари сабаб халқаро турнирда қатнашмасликларини айтиб, «Сизлар бизнинг ўйинда нимани ҳам тушунардингиз», деб қўшиб қўйишганди. Хуллас, «Тоттенҳэм» ниҳоят Чемпионлар Лигаси қитъанинг клублар ўртасидаги энг асосий мусобақаси эканини «тан ола бошлади».

«Манчестер Юнайтед»

Чорак финалга чиқиши энг кутилмаган бўлган инглиз клуби «МЮ» бўлди десак, муболаға бўлмайди. Сульшер қийин ҳолатдаги жамоани қабул қилиб олганди. Моуриньо унга руҳий босим ва жамоа ичидаги тартибсизликни «мерос қолдирганди». Бироқ Оле ҳаммасини ўз ўрнига туширди ва ҳамма «Юнайтед»дан яна қўрқа бошлашди. Тўғриси, Моуриньонинг охирги мавсумида «МЮ»дан қўрқмай қўйишганди. Айниқса Европа грандлари.

Моуриньо «МЮ»ни Чемпионлар Лигасида гуруҳдан олиб чиққанини ҳам таъкидлаш керак. «МЮ» Жозе билан Туринда «Ювентус»ни мағлуб этгани гуруҳдан чиқиш учун асосий роль ўйнаганди. 1/8 финал қуръасида «МЮ» «ПСЖ»га тушгач, кўпчилик бу манчестерликлар учун охирги манзил деб ўйлади. Неймар, Кавани, Мбаппе учлиги Жонс, Смоллинг каби ҳимоячиларни кўрдим демай ўтиб кетиши тахмин қилинди.

«МЮ»га қарши ўйин олдидан Неймар ва Кавани жароҳат олишганди. Шундай бўлса-да, парижликлар Манчестерда ўтган биринчи ўйинда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Аммо «ПСЖ» яна камбэк қурбонига айланди. 2017 йил биринчи ўйинда «Барселона»ни 4:0 ҳисобида енгган парижликлар жавоб ўйинида 1:6 ҳисобида мағлуб бўлганди. Бу йил эса «МЮ» Англиядаги 0:2 ҳисобидаги мағлубиятни йўққа чиқариб, йўлланмани ўзиники қилди.

«МЮ»нинг ЕЧЛда кучли саккизликка киришига аввало, Сульшернинг футболчиларга бу қандай жамоа эканини эслатгани сабаб бўлди, бизнингча. Париждаги ўйиннинг қўшимча дақиқасида Рэшфорд пенальтини қандай совуққонлик билан тепганини эсланг. Футболчи бутун бошли плей-офф тақдири ҳал бўлаётган ўйиннинг қўшимча дақиқасида бу қадар совуққон ҳаракат қилиши учун ўзининг буюк жамоада ўйнаётганини ҳис қилиши жуда муҳим.

Сульшер келгач, «МЮ» қайта оёққа турмоқда. Жамоа кўплаб катта ўйинларда ғолиб бўлди. Аммо Оле қўл остидаги «Юнайтед»нинг энг зўр ғалабаси айнан Парижда қўлга киритилди. Чорак финалда «Барселона» «МЮ»ни осонлик билан мағлуб этади дейдиганлар адашадилар. Тўғриси, «Манчестер Юнайтед»нинг ЕЧЛ чорак финалига чиққанини кутилмаган ҳодиса дейиш бироз эриш туюлмоқда. Бу жамоани ким бошқараётганини эсласак, унинг Чемпионлар Лигасида чорак финалга чиққани оддий ҳол бўлиб кўринади. Унутманг, Оле – Чемпионлар Лигаси тарихидаги энг ажойиб финал қаҳрамони...

«Манчестер Сити»

«Манчестер Сити» Чемпионлар Лигаси чорак финалига чиққанини сезмай ҳам қолдик. Чунки Гвардиола шогирдлари гуруҳда «Лион», «Шахтёр» ва «Ҳоффенҳайм» каби жамоалар билан баҳслашиб, муаммосиз плей-оффга чиқди. Фақат «Лион» «шаҳарликлар»ни Англияда мағлуб этиб кетди (ўша ўйинда Гвардиола дисквалификация сабаб мухлислар қаторида ўтирганди). Бироқ бу манчестерликларнинг гуруҳдан чиқишига халал бермади. Нимчорак финалда ҳам «Сити» муаммога дуч келмади. «Шальке»га қарши биринчи ўйинда «Сити» катта қийинчилик билан ғалаба қозонди. Ўша ўйинда иккита шубҳали пенальти белгилангани «Сити» футболчиларининг жаҳлини чиқарган кўринади, улар жавоб баҳсида «Шальке»ни 7та гол билан «савалашди».

Биласизми, «ПСЖ» ёки «Манчестер Сити» каби клублар ҳар қанча яхши футболчиларни йиғиб олишса ҳам нега халқаро мусобақаларда асосий фаворитлар қаторига киритилмайди? Чунки уларда халқаро майдондаги рақибларни ҳуркитадиган анъана йўқ. «ПСЖ»ҳам, «Сити» ҳам ўзига хос ўтмишга эга тарихий жамоалар, уларнинг бугун пайдо бўлиб қолмаганини тан оламиз, аммо бу жамоаларнинг яқин тарихи энг аввал катта пуллар билан боғланади. Масалан, 50 йилдан кейин 21 аср аввалидаги Англия футболи деганда, кўпроқ «Лестер»нинг фантастик чемпионлигини эслашса керак, «Манчестер Сити»нинг рекордлар билан бойитилган қиммат чемпионлигини эмас...

Айнан анъаналар сабаб Чемпионлар Лигасининг ҳал қилувчи палласида «Юнайтед» «Сити»дан салобатлироқ, масалан. «Сити»нинг чорак финалдаги рақиби худди биз айтаётган анъана яратишни бошлаган «Тоттенҳэм» экани айнан катта ўйинларда ўз сўзини айтиши мумкин. «Тоттенҳэм» кетма-кет икки трансфер ойнаси вақтида бирорта футболчи сотиб олмаган илк инглиз клуби бўлди. Шу сабаб «Тоттенҳэм»ни Англияда бошқача қадрлашади. Бу жамоада кўплаб инглиз футболчиларининг борлиги эса унга бўлган симпатияни янада оширади. «Тоттенҳэм»ни инглиз футболининг «олд скулига вафодор» етакчилардан деб эътироф этиш мумкин. Ишонинг, «Манчестер Сити» - «Тоттенҳэм» ўйинида манчестерликлар яққол устун эмас.

«Ливерпуль»

Инглиз клубларидан ғолибликка асосий даъвогарлар сирасига киритилаётгани – «Ливерпуль». Чемпионлар Лигасида ғолиблик учун учта асосий даъвогар – «Барселона», «Ювентус» ва «Ливерпуль». Гуруҳ босқичини ўта омадсиз ўтказган «Ливерпуль» груҳда иккинчи бўлди ва оқибатда нимчорак финалда «Бавария»га дуч келиш билан «жазоланди». Бироқ Мюнхендаги ўйинда «Црвена Звезда» каби жамоаларга ютқазиб юрган тушунарсиз «Ливерпул»дан асар ҳам қолмаганди. Майдонда ақлли, салобатли ва қайсидир маънода Жеймс Милнернинг таъбири билан айтганда, «зерикарли» «Ливерпуль»ни кўрдик. «Ливерпуль» чорак финалда «Порту» билан тушгани эса Клоппнинг енгил тин олишига сабаб бўлди. Чунки узоқ кутилган Премьер-Лига ғолиблиги учун курашаёган «Ливерпуль» учун ЕЧЛ чорак финалида ҳам топ-клуб билан тўқнашиш оғирлик қиларди. Албатта, «Порту»ни кучсиз демоқчи эмасмиз, лекин «Ливерпуль»га тушиши мумкин бўлган энг қулай рақиб айнан «Порту» эди.

«Ливерпуль» Клопп келганидан буён Европада Англия шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Аввалига Европа Лигаси финали, ўтган мавсумда Чемпионлар Лигаси финали. Шундай давом этса, бу мавсумда қандай натижа қайд этилиши кераклигини тушундингиз-а? Клопп жамоаси ярим финалга чиқса, у ерда ё «Барселона», ёки «МЮ» билан ўйнайди. Бу эса ғолиблик учун йўл ўта мураккаблигидан далолат. Аммо «Бавария»ни «чизган чизиғидан чиқармаган» «Ливерпуль» Европанинг ҳар қандай гранди учун қўрқинчли тушга айлана олади. Ҳеч иккиланмай айтишимиз мумкинки, «Ливерпуль» Европада прессинг қилишни энг қойиллатадиган жамоа.

Тотал ўсиш

Хулоса шуки, инглиз клубларида, умуман, инглиз футболида катта ўсиш сезилмоқда. Англия терма жамоаси охирги 28 йил ичида илк марта жаҳон чемпионатида ярим финалга чиқди, ҳозир 4та инглиз клуби қитъанинг энг нуфузли соврини учун курашмоқда. ЕЧЛ плей-оффида инглизлар шунчалик кўпки, улар қуръа жараёнида бир-бирига тушиб қолмоқда. Чемпионат даражасининг ўта баланд экани халқаро майдонда ҳам ўз самарасини бермай қўймади. Англияда топ даражадаги футболчилар, топ-мураббийларнинг оқиб келиши ҳам натижа бериши керак эди ва бу натижалар кўринмоқда. Шундай экан ЕЧЛ ярим финалида учта инглиз клубини кўриб қолсангиз, ажабланманг...

Ўткир Жалолхонов

0.00%
Boshqa yangiliklar
Mulohozalar

    Вы должны авторизоваться, чтобы оставлять комментарии.