Mualliflik bloglari

МАНЧЕСТЕРДАГИ «АСАЛ ОЙИ» НИҲОЯСИГА ЕТДИ

Blog Tribuna.uz

Манчестердаги «асал ойи» ниҳоясига етди, декабрдан буён умуман мағлубиятга учрамай келган Сульшер охирги 4 ўйиннинг 3тасида ютқазди. Бу яқинда 3 йиллик шартнома имзолаган мураббийдан кўра, жамоа таркибида муаммолар борлигини яна бир бор намоён қилди. Ўз-ўзидан ёзда Манчестерни тарк этиши керак бўлган асосий номлар ва янги харидлар ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу маълумотлар миш-миш эмас, ВВС, Sky ва Independent каби йирик нашрлар томонидан тарқатилаётганини эътиборга олиб, вазиятга чуқурроқ қарашга уриндик. Хўш, Манчестернинг бу ёзи қандай бўлади?

КЕТИШИ МУМКИН:

Хуан Мата ва Андер Эррера

2014 йилнинг январида ўша пайтда АПЛ учун рекорд миқдор бўлган 37 миллион фунт эвазига «Челси»дан сотиб олинганди. Мата «Олд Траффорд»да тўртинчи мураббий билан ишлаяпти, аммо уларнинг ҳеч бирида алмаштириб бўлмас футболчи, жамоа етакчисига айланмади. Шу билан биргаликда, барқарор равишда фойдали футболчи бўлди, керакли пайтда, баъзи паллаларда муҳим фигурага ҳам айланди. 

Матанинг Манчестерга керак бўлмай қолганини айтиш мушкул, аммо футболчи шу ойда 31 ёшга тўлади. Бу ёшдаги футболчига клуб фақат қисқа муддатли шартнома таклиф қилиши мумкин, Мата эса, фаолиятидаги охирги йирик шартнома учун бошқа вариантлар излаши мантиқан тўғри. Испаниялик ярим ҳимоячи 3-4 йиллик шартнома таклиф қиладиган ва бу даврда асосий таркибдан жой бера оладиган бошқа клублардан таклиф кутиши мумкин. Зеро, у ёзда эркин агентга айланади. Хуаннинг собиқ клуби «Валенсия», Италиянинг «Интер» ва ҳатто «Барселона» варианти ҳам тилга олинмоқда. Аниқки, каталонияликлар ҳам катта шартнома таклиф қилишмайди, аммо Испанияга қайтиш, бир қатор совринлар ютиш, ва албатта, Месси билан бирга ўйнаш таклифи ҳар қандай футболчини ўйлантириш табиий.

Ўз вақтида Андер Эррерани ҳам Давид Мойес олиб келиши мумкин эди, аммо баъзи тушунмовчиликлар туфайли, бу трансфер бир йилга кечикиб, Андер Манчестердаги дебютини Луи ван Гаал қўл остида қилгандиМатадан бир ёш кичик, лекин ҳамюртига берилган таърифларнинг кўпи унга ҳам тушади. Эррера айниқса, майдонда бор куч билан ҳаракат қилиши, «МЮ»га чин дилдан мухлислик қилиши билан ҳам фанатларнинг севимли футболчисига айланган, 2016/17 йилда клубнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилган.

Матадан фарқли равишда, Эррера Сульшер қўл остида асосий футболчилардан бирига айланди, Погба ва Матич билан биргаликда ярим ҳимоядаги учликни ташкил қилди. Албатта, клуб уни олиб қолишга уринади, аммо жуда кўп нашрлар унга «ПСЖ» томонидан яхши шартнома таклиф қилинаётганини ёзишмоқда. Парижликлар Эррера билан ҳафтасига 200 минг фунт маош назарда тутилган 4 йиллик шартнома тузишга тайёрлиги айтилмоқда. «МЮ» эса таклиф миқдорини 170 минг фунтдан оширмоқчи эмас.

Бу ерда ҳам клубни тушунса бўлади. Эррера бугунги кунда фойдали футболчи, аммо унинг асосий устунликлари, масалан ўйинни бошқариш, заргарона паслар бериш эмас, асосан жисмоний ҳаракат талаб қиладиган фазилатлардир. Табиийки, йилдан-йилга Эрреранинг фойдалилик коэффициенти тушиб боради. Юқори маош билан эса, уни сотиш қийинлашиб кетади. Шундоқ ҳам, клуб айнан шу борада яхши ишлай олмагани учун сўнгги йилларда яхши пулга футболчи сота олмаяпти. Ҳар йили жамоа ўйинига жавоб бера олмайдиган, аммо юқори маоши туфайли сотиб юборишни ҳам иложи бўлмаган «балласт» етарли бўлмоқда.

Агар «ПСЖ»нинг таклифи ўз тасдиғини топса ёки бошқа шу каби таклифлар кузатилса, «МЮ»га футболчини олиб қолиш осон бўлмайди. Бу масалада клуб раҳбариятининг жиддий хатоси бор. Айнан бугун «ПСЖ»дан ошириб таклиф бериш мантиқан нотўғри экани аниқ, аммо Вудворд футболчи билан аввалроқ, парижликлар таклиф билан чиқмасдан олдин келишиб қўйиши лозим эди. Жамоа учун фойдали бўлган футболчининг шартнома муддати 3 ой қолгунча «жим юриш» замонавий шартларда энг юмшоқ қилиб айтганда, «соддалик»дир.   

Алексис Санчис

Клубнинг балки сўнгги ўн йилликдаги энг омадсиз харидларидан бири. Олдинги «7»лар Анхел Ди Мария ва Мемфис Депай каби трансферлари ҳам «чакки» бўлмаганди, аммо бу футболчилар ўзига яраша нархга сотилган ва трансфернинг қайсидир қисми қопланган. Англияда энг катта маош билан шартнома имзолаган Санчесни бирор клубга сотиш ҳам у қадар осон бўлмаслиги турган гап.

Иккинчидан, айнан унинг келиши Моуриньо жамоасидаги муҳитнинг бузилишида туртки бўлганди. Погба билан муаммолар, Марсиял ёки Шоудаги норозиликлар айнан Санчес учун имконият бошқаларга нисбатан кўпроқ тақдим этилавериши оқибатида юзага келган. Янги шартномалар бўйича бугунги оғир жараённинг ҳам сабабчиси ўша трансфер – Давид де Хеа Санчесники каби маош талаб қилмоқда, Эррерага ҳам бу ҳолат таъсир қилгани шубҳасиз.

Сульшер даврида ҳам Санчесга етарлича имконият берилди, аммо Рэшфорд, Марсиял ва Лукаку билан рақобатда катта фарқ билан ютқазаётган Алексис бунинг устига жароҳатланиб ҳам олди. Янги харидлар, маошлар мувозанати учун Санчеснинг сотилиши жуда муҳимдир. Клуб бу борада ён босиши, балки аслидан арзонроқ шартларда ҳам уни қўйиб юборишга рози бўлиши мумкин. Бундай жараёнларни жуда яхши кузатадиган «Ювентус» ва «Бавария» чилилик футболчига бефарқ эмасликлари ҳақида хабарлар ҳам пайдо бўлган.

Эрик Байи

Жозе Моуриньонинг Манчестердаги илк харидларидан бири. Дастлабки ўйинларда жуда яхши таассурот қолдириб, ҳимоя чизиғининг етакчисига айланган Байи кейинчалик ишончни йўқотди. Унинг иқтидори, индивидуал маҳорати ҳали ҳам шубҳа остига олинмайди, лекин баъзида ўзига хаддан ташқари ишониб юбориши, совуққонликни сақлаб олмаслиги натижасида бир қатор қўпол хатоларга йўл қўйди. Бунинг устига жароҳатга мойил ҳам – ушбу мавсум Байи ўйинга тўлиқ тайёр бўлган ҳолатлар жуда кам бўлди. Бир йил кейин сафга қўшилиб, кўп борада Байидан ортда бўлган Виктор Линделёф ушбу мавсумда ҳар жиҳатдан ўсди ва Моуриньонинг ҳам, Сульшернинг ҳам дастлабки танловига айланди.

Катта эҳтимол билан ёзда яна бир марказий ҳимоячи сотиб олинади ва у ҳолда Байи камида Линделоф ва Смоллингдан кейин учинчи вариантга айланиб қолади. Ёш ва иқтидорли ҳимоячини бу қониқтирмаслиги аниқ. Клуб учун ҳам Байининг трансфери фойдалироқ бўлиши мумкин.

2020 йилда Байининг шартнома муддати ўз ниҳоясига етади. Янги шартнома ёки эскисини узайтириш ҳақида хабарлар йўқлигидан келиб чиқсак, бундай музокаралар ҳам фаол тарзда ўтмаяпти. Демак, клуб ёзда Байини сотиб юборишга қарши эмас, мабодо бунинг иложи бўлмаса, балки янги шартнома ҳақида янги мавсумда ўйлаб кўриш мумкин бўлади.

Маттео Дармиан

2015 йилда Луи ван Гаал томонидан 12 миллион фунт эвазига олиб келинган. Италиялик қанот ҳимоячиси ёмон бошламаганди, лекин кейинчалик асосий таркибдан четда қолди. Тактик жиҳатдан италиялик ҳимоячиларга хос равишда жуда яхши шаклланган бўлишига қарамай, айнан АПЛ учун жисмоний тарафдан муаммоларга дуч келди. Айниқса, яккакурашларда ва тўп назорат қилишда темпга дош беролмади.

Захира вариант сифатида фойдали, маоши ҳам катта эмаслигини эътиборга олсак, қолиши мумкин. Аммо ёзда эркин агентга айланадиган Маттеода «МЮ»дан кўра қизиқроқ, муҳими, майдонга кўпроқ тушиладиган вариантлар бор. Англияда ишончли кўринмаган бўлса-да, у Италиянинг ҳар қандай жамоасида ўйнай олади, буни терма жамоадаги ўйинлари орқали ҳам кўрганмиз.

Хабарларда ёзилишича, «Интер» унга шартнома таклиф қилмоқда, шунингдек, икки йилдан бери «Ювентус» ҳам Маттеони ўз сафида кўришни истаётгани янгилик эмас. Катта эҳтимол билан Дармиан ёзда Италияга қайтиб кетиши мумкин.

Антонио Валенсия

Бу руйхатда Алекс Фергюсон даврида олиб келинган ягона футболчи. Валенсия 2009 йилда, Роналдунинг ўрнини босиш учун олиб келинган ва ҳатто унга «7» рақам берилганди. Антонио бу босимни кўтара олмади ва ўз истаги билан бу рақамдан воз кечганди ҳам.  

Умуман олганда, ундан «янги Роналду» чиқмаган бўлса-да, қарийб ўн йил барқарор ва фойдали тўп сурди, сўнгги йилларда жамоа сардорига айланди. Аммо ушбу мавсумда Антониода ҳам муаммолар юзага келди – аввалига кичик жароҳатлар, Моуриньо билан тушунарсиз муносабатлар, инстаграм билан боғлиқ воқеалар, давомидан яна жароҳат. Хуллас, Валенсия бу мавсумда АПЛда атиги 5 ўйинда майдонга тушди. Охирги ва Сульшер қўл остидаги ягона ўйин – 3 январдаги «Ньюкасл»га қарши учрашув.

Валенсия ҳозирда машғулотларга қайтгани айтилмоқда ва балки, Эшли Янгнинг қизил карточкасидан кейин, навбатдаги турда уни кўришимиз ҳам мумкин. Лекин Валенсиянинг жамоани тарк этиши аниқ. Футболчига АПЛда ҳам жиддий қизиқишлар бўлиши турган гап, масалан, «Арсенал» ва «Вест Ҳем» вариантлари кўпроқ тилга олинмоқда.

КЕЛИШИ МУМКИН

ЖЕЙДОН САНЧО «Боруссия Д»

19 мартда 19 ёшга тўлган инглиз футболчиси Лондонда таваллуд топган. «Уотфорд» ва «Манчестер Сити» тарбияланувчиси бўлган ҳужумчини «Боруссия» 2017 йилнинг ёзида, «Барселона»га сотилган Усмон Дембеле трансферидан тушган маблағнинг ўндан бирини сарфлаб сотиб олади. Бир йил ўтиб эса, Санчо нафақат Германиянинг, балки Европанинг энг ёхши ёш футболчиларидан бирига айланди, жамоасининг 21 голида (9 гол, 13 пас) бевосита иштирок этди.

Ёзда футболчи билан қизиқадиганлар кўп бўлади, лекин талабгорлар ичида фаворит сифатида «Манчестер Юнайтед» номи тилга олинмоқда. Футболчининг ўзи Англияга қайтмоқчи, инглиз топ-клублари ичида эса, Санчонинг трансфер нархини «фэйр плей» доирасида тўлай оладиган ва футболчига асосий таркибдан кафолат бера оладиган клуб «МЮ»дир.

Жейдон асосан ўнг қанотда ҳаракат қилади. «МЮ»да эса, айнан мана шу позиция бир неча йилдан бери оғриқли саналади. Марсиял – Рэшфорд – Санчо учлигини олдинги чизиқда кўриш Сульшернинг асосий истакларидан бири экани айтилмоқда. Санчонинг нархи тахминан 80-90 миллион фунт деб баҳоланмоқда.

ААРОН УАН-БИССАКА «Кристал Пэлас»

Асл келиб чиқиши конголик бўлган ва ушбу мамлакат ўсмирлари таркибида майдонга ҳам тушган ўнг қанот ҳимоячиси кейинчалик Англия ёшлар терма жамоасидан таклиф олди. 22 ёшли футболчи айниқса, ушбу мавсумда «Кристал Пэлас» таркибида ёрқин ўйин кўрсатмоқда. У август-октябрь ойларида қаторасига уч ой жамоанинг энг яхши ўйинчиси деб ҳам эътироф этилди.

Биссака тахминан 30-40 миллион фунт эвазига Антонио Валенсия ва Эшли Янгга асосий ўринбосар бўла олиши мумкин. У ва Диегу Далот келажакда «МЮ»нинг ўнг қанотини ташкил қилиши кутилмоқда.

КАЛИДУ КУЛИБАЛИ «Наполи»

Агар Моуриньо истеъфога чиқарилмаганда, балки январдаёқ ушбу футболчи Манчестерга келиши мумкин эди. 27 ёшли сенегаллик футболчи ҳақида ўтган йилнинг ёзидан гапирила бошлаган, аммо неаполликлар қўйган катта нарх «МЮ»ни тўхтатганди. Ўша нарх, яъни тахминан 100 миллион евро, ҳали ҳам ўзгаргани йўқ, аммо манчестерликларнинг вазиятга бўлган муносабати ўзгаргани табиий. Жамоа ҳимоя марказида яққол муаммоларга дуч келмоқда ва айниқса, тажрибали топ-ҳимоячининг жамоа ўйинига қай тариқа таъсир қилиши мумкннлиги Виржийл ван Дейк транферида ҳам кўринди. «Ливерпуль» уни қарийб 90 миллион еврога сотиб олганида, кўпчилик ҳайрон қолган, аммо ҳозирда ҳеч ким ўша рекорд нархни эсламаяпти ҳам. 

Кулибали «Наполи»да сўнгги мавсумини ўтказаётгани ҳам, унинг инглиз футболига мослашиб кетиши ҳам ҳақиқатга яқинроқ, фақат ягона тўсиқ унинг трансфер нархи «МЮ»нинг бошқа вариантларга мурожаат қилишига сабаб бўлмайдими? Масалан, Сульшер кўпроқ Рафаэль Варанга қизиқмоқда, лекин катта эҳтимол билан Зинедин Зидан франциялик ҳимоячини олиб қолишнинг уддасидан чиқса керак. «Реал» билан барча совринларни ютган Вараннинг бошқа саргузашт истаб қолишигина «МЮ»га имконият қолдириши мумкин.

ДЕКЛАН РАЙС «Вест Ҳэм»

Эрреранинг кетиши мумкинлиги, Фреднинг ҳали ҳам жамоа ўйинига мослашиб кетмагани, Матичнинг ёш эмаслиги «МЮ»га таянч ярим ҳимоячи излаш эҳтиёжини ҳам яратиши турган гап. 15 ёшигача «Челси»да тарбияланган, кейин эса «Вест Ҳэм» академиясига ўтиб, 2 йилдан бери ушбу жамоа сафида тўп суриб келаётган Деклан фойдали харид бўлиши мумкин.

Арзонроқ, инглиз футболи синовидан ўтган, захирада қолиб, керакли пайтда Матич ёки МакТомминини алмаштиришга тайёр бўлган 20 ёшли футболчининг харидидан минусларни топиш мушкул. Ҳақиқий таянч яримҳимоя футболчиси ва шу билан бирга, майдонни яхши кўра олиш қобилияти туфайли ҳимоя ва ярим ҳимоя ўртасида боғловчилик қила олади. «Вест Ҳэм» бош мураббийи Мануэль Пеллегрини уни Хавьер Маскеранога қиёслаб, айни пайтда Англия терма жамоаси учун энг яхши тайёр таянч ярим ҳимоячиси эканини айтди.

Келиб чиқиши ирландиялик бўлиб, 2019 йили Англия терма жамоасига чақирилгунча барча ёшдаги Ирландия терма жамоаларида тўп сурган Райс балким Манчестернинг янги Рой Кини бўлиши мумкин.

...ВА БОШҚАЛАР

Бу номлардан ташқари ҳам, исми «МЮ» билан боғланаётган бир қатор футболчилар бор. Масалан, «Барселона»га мослаша олмаётган Филипе Коутиньо агар сотиладиган бўлса, унга асосий талабгор сифатида «МЮ» номи тилга олинмоқда. Шунингдек, «Челси»нинг ёш иқтидори Каллум Ҳадсон-Одои ҳам жамоадаги ноаниқлик туфайли янги шартнома тузишга шошилмаяпти. Бу ҳолат ҳам «Манчестер Юнайтед» кузатувида. «Атлетико»нинг 25 ёшли ярим ҳимоячиси Саул Нугьес ҳам икки Манчестер клубининг қизиқиш доирасига кириб қолган.

Кетадиганлар орасида, яна Маркус Роҳо, Фил Жонс, Эшли Янг каби футболчиларнинг ҳам, мос таклифлар чиққанда жамоани тарк этиш эҳтимоли мавжуд. Бу номларнинг барчаси Сульшер қўл остида асосий футболчи бўлмаслиги ҳақиқатга яқинроқ. Ёзда амалга оширилиши керак бўлган яна бир асосий вазифа – Давид де Хеа масаласига ойдинлик киритишдир. Дарвозабоннинг шартномаси 2020 йилда ниҳоясига етади. Бир йилдан кейин Давиднинг текинга кетиб қолмаслиги учун янги келишувга эришилиши шарт. Бир томондан Де Хеанинг испан дўстлари Манчестерни тарк этишга яқинлиги унинг қарорига салбий таъсир қилса, балким клубнинг трансфер сиёсати ва ёздаги амбициялар Де Хеани янги шартномага ундаши мумкин.

Албатта, учинчи томоннинг ҳам позицияси муҳим – дарвозабон учун асосий талабгор бўлган «Реал»нинг қизиқиши қай даражада бўлади? Куртуа, Навас каби топ-дарвозабонлар, шунингдек, ўз ўғли мисолида номзодларга эга бўлган Зидан бу сафар Де Хеани қаттиқ хоҳламаслиги мумкин.

Қ.Асланов

20.65%
Бошқа янгиликлар
Изоҳ

    Сиз авторизациядан ўтмагансиз. Шарҳ қўшиш учун сайтга киринг.