«Манчестер Юнайтед», футбол тарихидаги катта номлардан бири. Клубнинг энг сўнгги тарихи унинг собиқ футболчиси Оле Гунар Сульшер номи билан боғлиқ бўлиб келмоқда. Сульшер 2018 йилнинг декабрь ойида мураббийликка келган ва шундан буён ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда. Хўш, мана шу давр мобайнида манкунянликлар қайси йирик номлардан айрилди ёхуд сотиб юборди? Қуйида клубдан яқин икки йил ичида кетган бир нечта футболчилар билан танишасиз.
Ромелу Лукаку
Бельгиялик ҳужумчи 2019 йилнинг август ойида «қизил иблислар» қароргоҳини тарк этган эди. Бу воқеа норвегиялик мутахассиснинг келишидан атиги саккиз ой ўтиб рўй беради. Ромелу 67 миллион фунт эвазига «Интер» сафига бориб қўшилади. У бир мавсумдан кейин Италия чемпионига айланди ва янги мавсумда эски жамоаси «Челси»га қайтади. Ғарбий Лондон клуби уни 97,5 миллион фунтга қайта сотиб олди. Кейинчалик, бу харид оқилона бўлганини гувоҳи бўлдик.
Крис Смоллинг
Собиқ «Фулхэм» ҳимоячиси фаолиятининг ўн йили, 2010-2020 йиллар оралиғини «МЮ» стадионида ўтказди. У 2019 йилнинг август ойида «Рома»га ижарага берилади. Бир мавсумдан кейин, 2020 йилнинг октабр ойида эса, 12 миллион фунтга римликларга сотиб юборилди. Смоллинг янги клуби билан 3 йиллик битимга имзо чеккан.
Эшли Янг
Яна бир Италияга равона бўлган футболчилардан бири бу Эшли Янгдир. «МЮ» уни 2020 йилнинг январида 1,5 миллион фунт эвазига «Интер»га пуллайди. Янг у ерда Италия чемпиони бўлган тарихдаги учинчи инглиз футболчисига айланади. Шундай бўлсада, у бу мавсум аввалида, июль ойида «Астон Вилла»га эркин агент сифатида келиб қўшилди ва бирмингемликлар билан бир йиллик шартнома тузди.
Андер Эррара
Испаниялик футболчи 2019 йилнинг июль ойида эркин агент сифатида «МЮ»ни тарк этади ва «ПСЖ» билан беш йиллик битимга имзо чекади. Шундан бери Эрреранинг титулларга эга бўлиши осонлашди. У парижликлар сафида Франция чемпиони, Франция кубоги ҳамда лига кубоги соҳибига айланди. У шунингдек, Чемпионлар соврини ва ЕЧЛ финалчиси ҳисобланади.
Алексис Санчес
У «МЮ» тарихидаги энг омадсиз трансфер сифатида тарихга кирган. Чилилик ҳужумчи «Олд Траффорд»да пайти ҳафтасига 505 минг фунт маош оларди. Шу сабаб «Интер»га 2019 йилнинг август ойида ижарага берилади ва бир йилдан кейин текинга қўйиб юборилади. Санчес 2020 йилда «Интер» билан уч йиллик шартнома имзолайди.
Маркос Рохо
Чап қанот ҳимоячиси «МЮ»даги фаолияти давомида энг кўп саргардон бўлган футболчи бўлса керак. Унинг ўйини беқарор эди. Шу сабаб асосий таркибдан жой ола билмади. Кўп ўтмай, 2019 йилнинг январь ойида аргентиналик ўз юрти клуби «Эстудиантес»га ижарага берилади. Шу йилнинг январь ойида у грант клуб «Бока Хуниорс» билан битим тузди. У ҳали ҳам хулқ борасида мақтана олмайди. Акс ҳолда Аргентина классикосида «Ривер Плейт»га қарши қизил карточка олармиди?
Хуллас, сўнгги йиллардаги «Манчестер Юнайтед»нинг трансфер сиёстини омадли дея олмаймиз. Катта номлар бор эди. Аммо кўплари жамоа учун керасизга айлантирилди. Шунинг учун ҳам катта маблағ эвазига олиб келинган айрим футболчилар якунда текинга қўйиб юборилган...
Сиз авторизациядан ўтмагансиз. Шарҳ қўшиш учун сайтга киринг.