Эксклюзив /

Мата: Футболнинг асл моҳияти

Хуан Матанинг футболдан ташқаридаги фаолияти ҳам кўпчиликка маълум. У бўш вақтларида блогер сифатида постлар ёзади, унинг Common Goal лойиҳаси футбол оламида жуда машҳур бўлиб кетган ва жуда кўп инсонлар Матанинг таклифига «лаббай» деб жавоб беришган. Лойиҳада маошнинг бир фоизини ижтимоий мақсадларга сарфлаш кўзда тутилганди.

Мата яқинда ВВС нашрига интервью берди ва ўзи учун муҳим мавзуларда фикрлари билан ўртоқлашди.

Common Goal лойиҳаси ҳақида

Бу ҳам бир орзу, қанийди бир кун ҳамма шу лойиҳа иштирокчисига айланса. Лекин бошланишига Европа футболидагилар ижтимоий соҳаларга пул ажратишса, хурсанд бўлардим. Менимча, бу иложи бор нарса, атрофингдаги кўпчилик сенинг ғоянгни қўллаб-қувватлай бошласа, табиийки, бунга ишонса бўлади.

Ўйлайманки, бир неча йилдан сўнг, бу ишни уддалай олганимиз билан фахрланамиз. Мендан «Common Goal»нинг чегараси қаерда экани ҳақида сўрашади – очиғи, билмайман, бу шунчаки рақамдан иборат лойиҳа эмас. Агар одамларни бошқаларга ёрдам бериш ҳақида ўйлашларига сабабчи бўлсак, орзуимизга етишган бўламиз. 

Блог ҳақида

Бу осон иш эмас, деб ҳисоблайман. Айниқса, мағлубиятлардан сўнг бирор нима ёзиш қийин, ўзингни ёмон ҳис қиласан. Мухлислар учун ҳам қандайдир фикрларингни ўқиш қизиқ, аммо улар ҳам ғалабалардан кейин бунга қизиқиш билдирадилар.

Лекин яхши кунларда ҳам, ёмон пайтларда ҳам мен бу иш билан шуғулланиб келмоқдаман.

Футбол мазмунини йўқотмоқдами?

У даражадамасдир-у, аммо баъзида футбол атрофидаги моддиётлар ўйиннинг асл моҳиятини унуттираётгандек туюлади. Масалан, болалигимда майдонда нима бўлаётганини, дриблинглар, паслар, голларни муҳокама қилардик. Ҳозир бошқача – болалар бутсалар, футболкаларга кўпроқ қизиқишади. Бу жиҳатларга урғу беришнинг ёмон томони йўқ, аммо шу тариқа давом этадиган бўлса, бир кун келиб, футболнинг асл мазмунини йўқотиб қўямиз. У ҳолда футболка ва бутсаларда ҳам маъно қолмайди, тўғрими?

Шу жумладан, биз ҳам, асосан футбол атрофини, ким қандай пост қўйди, ким қандай твит ёзди, деб эмас, майдонда бўлаётган воқеаларни кўпроқ муҳокама қилишимиз зарур. Мисол учун, икки рақиб футболчи орасидан қандай ҳаракатлар билан чиқиб кетди, қандай пас берди, деб. Менга шулар ҳақида гаплашиш кўпроқ ёқади. 

Футбол ҳақида суҳбатлар

«Реал» ва «Барселона» ўртасидаги ўйин. Мен бу ўйинни томоша қилиб, одатга кўра, WhatsApp’Андер ва Давид билан ёзишиб ўтираман.

Масалан, Бензема. Уни кимдир ёқтириши, яна баъзи бировлар ёқтирмаслиги мумкин, аммо менинг назаримда, унинг ўйини – тўпни қандай назорат қилиши, керакли пайтда тўғри қарорлар қабул қилиши, дарвоза яқинидаги ақлли ҳаракатлари – буларнинг ҳаммаси унинг футболни жуда яхши тушунишини англатади. Менга у ёқади.

Биз ўша ўйинда кўп яхши футболчиларни муҳокама қилдик. Модрич, Бускетс, Альба, Пике, Рамос, Бензема ва яна бошқалар. Ҳаммаси жуда яхши ва юқори савияли ўйин намойиш қилишди. Ўша суҳбатларда мазза қилдим, ҳозир ҳам шуни назарда тутяпман: футболнинг асл гўзаллиги ҳам мана шунда

Бошқа янгиликлар
Изоҳ

    Сиз авторизациядан ўтмагансиз. Шарҳ қўшиш учун сайтга киринг.