Янгиликлар /

ЕЧЛ: Қуръа ҳақида нималарни биламиз?

Мақола нашр қилинди

13 март оқшомида Европа Чемпионлар Лигасининг бу йилги мусобақаларидаги сўнгги икки чорак финалчи ҳам аниқланди. Табиийки, барча мухлисларни кейинги масала, чорак финал қуръаси қизиқтиради. 

Чорак финал қуръаси эртага, 15 март куни УЕФАнинг Ньондаги штаб-квартирасида бўлиб ўтади. Тадбир Тошкент вақти билан соат 17:00да бошланади. 

Маълумки, чорак финалда Англиянинг тўрт жамоаси – «Манчестер Сити», «Ливерпуль», «Тоттенҳэм» ва «Манчестер Юнайтед», шунингдек, Италиянинг «Ювентус», Испаниянинг «Барселона», Португалиянинг «Порту» ҳамда Нидерландиянинг «Аякс» жамоалари иштирок этади. 

Чорак финалдан ҳеч қандай чекловлар йўқ, яъни, бир мамлакат клублари ҳам, гуруҳ босқичида бирга бўлган жамоалар ҳам энди рақиб бўлишлари мумкин. Демак, чорак финалда «Ювентус» – «Манчестер Юнайтед» ёки худди ўтган йилдаги каби, «Манчестер Сити» – «Ливерпуль» жуфтликларини ҳам учратишимиз эҳтимоли бор. 

Яна бир жиҳатни эътироф этиш керакки, бу йилдан ярим финал учун алоҳида қуръа ташланмайди. Чорак финал жуфтликлари аниқлангач, ярим финал сеткаси ҳам маълум бўлади, яъни, чорак финалдаги қайси жуфтлик ғолибига қайси жуфтлик ғолиби дуч келиши олдиндан маълум бўлади. Ҳатто, финал ўйинида қайси жуфтликлардан чиққан жамоа расмий мезбон, ким меҳмон бўлиши ҳам эртага аниқ бўлади. 

Эслатиб ўтамиз, финал ўйини 1 июнь куни Мадридда, «Атлетико» уй ўйинларини ўтказадиган «Ваньда Метрополитано» стадионида ўтказилади. 

Чорак финалда эса, 9-10 апрель кунлари дастлабки учрашувлар, 16-17 апрель кунлари жавоб учрашувлари белгиланган. Ярим финал 30 апрель-1 май ва 7-8 май кунларига мўлжалланган. 

Яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, Европа Лигаси чорак ва ярим финал жуфтликлари ҳам худди ЕЧЛдаги каби шаклда аниқланади ва бу турнир қуръаси ҳам эртага, 15 март куни бўлиб ўтади.

Эртага ўтказиладиган қуръани Eurosport1, Матч ТВ, Матч Футбол1 ҳамда Футбол ТВ каналларида жонли кузатиш мумкин.

Бошқа янгиликлар
Изоҳ

    Сиз авторизациядан ўтмагансиз. Шарҳ қўшиш учун сайтга киринг.