Янгиликлар /

Сульшер 3 йиллик шартнома имзолади

Мақола нашр қилинди

Оле-Гуннар Сульшер «Манчестер Юнайтед»нинг доимий асосдаги бош мураббий этиб тайинланди. Клуб расмий сайтида маълум қилинишича, норвегиялик мутахассис билан 3 йиллик шартнома имзоланган.

«Келганимнинг биринчи кунидаёқ мен учун алоҳида аҳамиятга эга клубда, ўз уйимда эканимни ҳис қилгандим. «Манчестер Юнайтед» футболчиси бўлиш ва кейин шу клубда мураббийлик фаолиятимни бошлаш мен учун шараф эди. Охирги бир неча ой давомида қиёси йўқ кечинмаларни бошдан ўтказдим. Барча мураббийлар, футболчилар ва ходимларга ҳозиргача қилган меҳнатларимиз учун ташаккур айтмоқчиман.

Мен бу вазифада ишлашни доим орзу қилганман. Клубни узоқ муддат бошқариш имкониятга эга бўлаётганимдан беҳад мамнунман. Умид қиламанки, муваффақиятларимиз давомли бўлади, чунки мухлисларимиз шунга муносиб», – дея айтиб ўтган Сульшер.

Клуб ижрочи директори Эд Вудворднинг сўзларига кўра, ушбу қарорга келишда мураббий қайд этган натижалар муҳим аҳамият касб этган. «Кўрсатилган ўйин ва қайд этилган натижалардан ташқари, Оле клубда ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида бой тажрибага эга. Унда ёш футболчиларга имконият бериш истаги бор, шунинг баробарида клуб анъаналарини жуда яхши билади. Буларнинг барчаси у «Манчестер Юнайтед»ни олға бошлай олувчи инсон, тўғри танлов эканини кўрсатади», – деган у.

46 ёшли Сульшер «қизил иблислар»ни 2018 йил декабрь ойида Жозе Моуриньонинг истеъфосидан сўнг қабул қилиб олганди. Унинг қўл остида жамоа ҳозиргача 19та ўйинда майдонга тушишди ва уларнинг 14тасида ғалаба қозониб, 2та дуранг ва 3та мағлубият қайд этишди.

Маълумот учун, Оле-Гуннар 1996-2007 йилларда «МЮ»нинг ҳужум чизиғида тўп тепган, 235та ўйинда 91та гол муаллифи бўлган. У мураббийлик фаолиятини 2008 йилда «Юнайтед»нинг ўринбосарлар жамоасини шуғуллантиришдан бошлаган. 2011-2014 ва 2015-2018 йилларда «Мольде», 2014 йилда «Кардифф Сити»да бош мураббий сифатида фаолият юритган. «Мольде» устози сифатида икки маротаба Норвегия чемпионати ва бир марта кубогида бош соврин соҳиби бўлган.

Эслатиб ўтамиз, «Манчестер Юнайтед» охирги иккита ўйинида мағлубиятга учради. Дастлаб АПЛда асосий рақобатчиларидан бири «Арсенал»га енгилган (0:2) жамоа шундан сўнг «Вулверҳэмптон»га ютқазиб (1:2), Англия кубогидаги юришини чорак финалда тўхтатди. Премьер-лигада клуб 30-турдан кейин 5-ўринда бормоқда. Жамоани ЕЧЛга йўлланма берувчи 4-поғонадаги «Арсенал»дан 2 очко, 3-ўриндаги «Тоттенҳэм»дан 3 очко ажратиб турибди.

Манкунианликлар 30 март, шанба куни «Уотфорд»ни қабул қилади. Сульшер жамоасини апрелда ЕЧЛ 1/4 финали доирасида «Барселона» билан тўқнашувлар, ички чемпионатда эса «Манчестер Сити» ва «Челси»га қарши баҳслар кутмоқда.

114
Boshqa yangiliklar
Mulohozalar

    Вы должны авторизоваться, чтобы оставлять комментарии.