Жозе Моуриньонинг маълум қилишича, «Челси» раҳбарияти ярим ҳимоячи Муҳаммад Салоҳни «Рома»га қўйиб юбориш ҳақидаги қарорни мустақил равишда қабул қилган.
«Бу мен ҳақимда гапиришаётган яна бир ёлғон нарса. Одамлар мен Салоҳни қўйиб юборганим ҳақида гапирмоқда, бироқ ҳаммаси аксинча – мен уни сотиб олгандим. Мен «Челси»га Салоҳни сотиб олиш ҳақида гапирган инсон эдим.
Муҳаммад «Челси»га келганида, у ҳали бола эди. У на жисмонан, на руҳан тайёр эмасди. У ижтимоий ва маданий нуқтаи назардан ўзини йўқотиб қўйгандек ҳис этган, унга жуда қийин бўлган. Биз уни ижарага беришга қарор қилдик, у ҳам бу ҳақда сўраганди. Салоҳ тажриба орттириш учун майдонда кўпроқ ҳаракат қилишни хоҳлаганди. Биз уни «Фиорентина»га юбордик, ҳамда у ўша ерда кучли футболчига айлана бошлади.
Айнан «Челси» уни қўйиб юборишга қарор қилди. Кимдир мен Салоҳни қўйиб юборганлардан бири бўлганим ҳақида гапираётган бўлса, у ёлғон сўзламоқда. Мен уни харид қилдим ва ижарага бердим, сабаби бу керакли нарса эди. Мен «Челси»да вингерлар етарли, деган фикрда эдим. Улардан баъзилари ҳамон ўша ерда ўйнамоқда, масалан Виллиан ва Азар. Ўшанда улар умуман бошқа даражада эди.
Салоҳни ижарага бериш ҳақидаги қарор жамоавий бўлган. Бироқ, уни қўйиб юбориш ва олинган пулларни бошқа футболчини харид қилиш учун сарфлаш ҳақидаги қарор меники эмасди. Ҳаттоки ўша қарор мендан чиққанда ҳам, биз футболда доимий равишда хатога йўл қўямиз. Жуда кўп пайтларда ўйинчилар ҳеч ким кутмаган даражада ривожланиб кетади. Бошқа футболчилар эса, аксинча, кутилаётган даражага чиқа олмайди. Шунинг учун мен бу хато бўлган, деган фикрда эмасман, бу ишимизнинг бир қисми, холос.
Мен ҳақиқатдан ҳам Салоҳни таркибга қўшиб олгандим, лекин уни қўйиб юбормаган эдим, лекин бу ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Муҳими, у фантастик ўйинчи. Мен ҳозирда у билан рўй бераётган барча нарсадан жуда хурсандман, айниқса, у голларни қандай ураётгани одамни қувонтиради. У бизга иккита ўйинда ура олмаган голларни урмоқда», — дея Моуриньонинг сўзларини келтиради ESPN.com.br.
Сиз авторизациядан ўтмагансиз. Шарҳ қўшиш учун сайтга киринг.