Оле-Гуннар Сульшер Жозе Моуриньонинг «МЮ»нинг омади келаётгани, Лэмпарднинг эса VAR тизимининг «Юнайтед»га ён босаётганлиги ҳақидаги фикрларига жавоб қайтарди.
«Афтидан, баъзилар ўйинларимиздаги ҳакамларнинг қарорларига таъсир ўтказишга уринмоқчи. Қолганларга қараганда айнан бизга омад кўпроқ кулиб боқаётгани ҳақидаги гап-сўзларни ҳам эшитдим. Аммо келинг, ҳаммасини исбот ва фактлар асосида гапирайлик. Футболчи ўйиндан ташқари ҳолатда қолса, табиийки бу офсайд бўлади. Ҳаммаси ойдек равшан.
«Тоттенҳэм» билан ўйиннинг сўнгги дақиқаларида биздан пенальтини тортиб олишди. Шу куни биз икки очкони йўқотдик, акс ҳолда ҳозир 3-ўринда бўлардик. «Саутҳэмптон» билан ўйинда эса Ориола Ромеу Мейсун Гринвуднинг оёғини синдиришига оз қолганди. Четлатиш керак бўлган вазият эди, бироқ ҳатто кўриб чиқилмади. Акс ҳолда «Саутҳэмптон» билан эҳтимол очко йўқотмасдик. «Вест Ҳэм»га мағлуб бўлган ўйинимизда Марк Ноубл қизил карточкага лойиқ ўйнаганди, эътибор берилмади. Аслида VAR масаласида нолиш мумкин бўлса, рақибларимиз эмас, биз гапиришимиз керак» — дея Сульшернинг сўзларини келтирмоқда Sky Sports.
Маълумот учун, «МЮ» 19 июль куни ўз майдонида Англия кубоги яримфинали доирасида «Челси»га қарши майдонга тушади.
Сиз авторизациядан ўтмагансиз. Шарҳ қўшиш учун сайтга киринг.